Аввал хабар қилганимиздек, 9-сентябрьдан Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманларида “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” шиори остида тарғибот тадбирлари бошлаб юборилди.
Мазкур тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Ёшлар маданият ва санъат маркази билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Мазкур йилнинг 9 сентябрь куни соат 9.00 да Нукус шаҳрида жойлашган Ёшлар марказининг мажлислар залида тарғибот тадбирларида иштирок этувчи пойтахтдан ташриф буюрган таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, “Ниҳол” мукофоти совриндорларидан иборат республика тарғибот гуруҳи аъзолари, Қорақалпоғистон Республикасидан масъул этиб бириктирилган ташкилот ва муассасалар ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири П.Айтмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бошқарма бошлиғи Ж.Узаков дастурдан кўзланган мақсад, ундан ўрин олган лойиҳалар хусусида оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича маълумотлар бердилар.
Шу куни Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Кегейли туманларида тадбирлар байрамона руўҳда юқори савияда ўтказилди.
Мазкур тадбирларда таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, санъаткорлар ва эстрада хонандалари, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон халқ артисти Одина Назруллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Меҳмонали Салимов, Гулчеҳра Носирова, Сайёра Юнусова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳилол Насимов, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Шароф Муқимов, Бунёдбек Саидов, театр ва кино актёрлари Баходир Мирмаҳсудов, Шуҳрат Нуралиев, Гулнора Талипова, Шавкат Комилов, шоирлар ва ёзувчилар Бобур Бобомурод, Умида Абдуазимова кабилар ўқувчи ҳамда талаба ёшларга ўтган қисқа давр мобайнида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” Давлат дастурининг ижроси бўйича қатор ишлар амалга оширилганлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тизимли амалга ошириш, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатиши “Инсон манфаати – ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғоянинг ҳаётга изчил ва самарали жорий этилиши ҳусусида сўзлаб бермдилар.
Шунингдек, тарғиботчилар Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг яқинда нашрдан чиққан “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” китобида илгари сурилган ғояларни ишонарли ҳаётий мисоллар асосида, содда ва самимий усулда кенгроқ етказиб “жонли мисоллар” билан таъсирчан руҳда гапириб бермоқди. Ёшлар орасидан вакиллар ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда халқаро мусобақа ва танловларда эришган ютуқлари, яратилган имкониятлар тўғрисида сўзлаб, тенгдошларини яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга, Ватанга, жамиятга муносиб фарзанд бўлишга чақирди.
Байрам тадбирлари давом этмоқда.
Фото: Тадбирдан лавҳалар
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
Манба:kknews.uz