Буюк келажакни яратишда халқ асосий куч ҳисобланади. Тарихдан маълумки, мамлакатни юксалтиришда аксарият давлатлар халқ билан биргаликда кўп ишлар амалга оширган. Бу асрлар давомида ўз исботини топган ҳақиқатдир.
Мустақилликка эришилгандан кейин, Ўзбекистонда ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Ва, албатта, бу ислоҳотлар халқ билан ҳамжиҳатликда амалга оширилди.
Жорий Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳам бу ҳамжиҳатликни узвий давом эттириш мақсадида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда ҳамда мамлакатимизда яшовчи ҳар бир фуқаро бунга жалб этилмоқда. Яқинда 10 сентябрь куни туманимизга ҳам Ўзбекистон Республикаси Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, ҳокимликлар ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир муносабати билан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда таниқли бўлган шоир, актёр, хонандалардан иборат тарғибот гуруҳи ташриф буюриб аҳоли ва асосан ёшлар билан учрашиб “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” мазмунидаги тадбирини ўтказдилар. Тадбир жараёнида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда нашр этилган “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” китоби мазмун-моҳияти, ундаги ғоялар ва уни амалга оширишда халқ билан ҳамжиҳатликнинг аҳамияти, ислоҳотлар жадаллигининг ортишига ҳар бир инсон ҳисса қўшиши лозимлиги ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Тадбир – асосан ёшлар фаолият кўрсатадиган жойларда, яъни 40-сонли мактабда, НДПи қошидаги 3-сонли академик лицейида, Қипчоқ овули ҳудудидаги 21-сонли мусиқа ва санъат мактаби, Амударё агробизнес қишлоқ хўжалик коллежи, 9-сонли мусиқа мактаби, Амударё Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежларида ёшлар ўртасида учрашувлар ўтказиш билан бошланди.
- Учрашув бизга жуда катта руҳ берди, - дейди 21-сонли мусиқа ва санъат мактаби директори Нураддин Ёқубов тадбирдан сўнг. – Айниқса, ўқувчи-ёшларимиз тарғибот гуруҳи билан ташриф буюрган Ўзбекистон Драма театри актёри Шоҳруҳ Камолов ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Бозорбой Назаримбетов, эстарада қўшиқчиси Дониёрбекларнинг юрт келажагини яратишга муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги ҳақидаги сўзларини ҳаяжон билан тингладилар. Умид қиламизки, иштирок этган ҳар бир ёш юрагидаги Ватанга бўлган меҳр-муҳаббати янада мустаҳкамланди ва бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшишга иштиёқи янада ортди.
Учрашувларда халқ назаридаги инсонлар – Ўзбекистон кино санъатида ўз ўрнига эга актёр ва кино режиссёр Ҳилол Насимов, Ўзбекистон Давлат драма театри актёри Шоҳруҳ Камолов, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Бозорбой Назаримбетов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва таржимон Асрор Мўминов, Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири, “Амударё” журнали бош муҳаррири Асрор Мўминов ва бошқалар ҳамда кўпгина таниқли хонандалар иштирок этдилар.
- Амударёлик ёшлардаги шижоат, дадиллик, қизиқувчанлик бизни жуда тўлқинлантирди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тизимли амалга ошириш борасида ва юрт истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қатор ислоҳотларни юритишда ўзларининг ўрни ҳақида тўлиқ тушунчага эгалигига биз суҳбат давомида ишонч ҳосил қилдик ва бундан мамнун бўлдик. Чунки, эртага жамиятимизни мана шу ёшлар истиқболга етаклайди, - дейди Ўзбекистон Драма театри актёри Шоҳруҳ Камолов.
Мулоқот тарзида ўтказилган учрашувларда туман ёшлари фаол иштирок этиб, эл назаридаги бу инсонлардан ўзлари қизиқтирган саволларга етарлича жавоб олдилар. Шунингдек, тадбирда иштирок этган ёшлар юрт келажагини яратишда, бунёдкорлик ишларини амалга оширишда ҳар бир инсон, айниқса ёшлар ҳаракати, шижоати муҳим ўрин тутишини руҳан ҳис қилдилар.
Тадбир тумандаги Вахум аҳоли пунктидаги ўйингоҳда таниқли хонандалар иштирокидаги гала концерт намойиши билан давом эттирилди. Уларнинг юртга садоқат, Ватанга чексиз муҳаббатни тараннум этувчи қўшиқлари туман аҳлининг руҳиятига кўтаринкилик бағишлаб катта таассурот қолдирди.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.
Мавзуга оид фотолавҳалар билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.