Тўқсонбости - омилкор деҳқончилик усули

Туман янгиликлари

Яқинда “Оқ олтин” ва Чойкўл овулларида Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Тумандаги қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассислари, фермерлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг узлуксиз бўлиши ва нарх-наво барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги Қарори ҳамда Қорақолпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 22 август кунги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимининг ҳам қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарор асосида туманда 219 гектарга майдонга 471 та фермер хўжаликларининг далаларига тўқсонбости усулида сабзавот экинларини, пиёз ва саримсоқпиёз экинлари экиш режалаштирилган. Шундан 198 гектар майдонга пиёз ва 21 гектар майдонга саримсоқпиёз экилади.

Ушбу экинларни экиш учун жами 407 млн. сўм пул маблағлари талаб қилиниб, шундан 23,4 тонна уруғлик учун 269,1 млн. сўм, 11 тонна ёқилғи мойлаш материаллари учун 35,8 млн. сўм ва 36,5 тонна минерал ўғитлар учун 102,4 млн. сўм маблағ талаб қилинади.

Келгуси йили сабзавот экинларидан мўл ҳосил етиштириш далаларни сифатли шудорлаб, эртаги карам, сабзи, турли кўкатлар ва картошка экиш режаланган майдонларда эгатларни тайёрлашга боғлиқ. Чунки эрта баҳорда ер етилиши қийин бўлиб, экиш муддати чўзилиб кетади.
Халқимизнинг эртаги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда майдонларнинг бир қисмини қайта экишга тайёрлаб, совуққа чидамли сабзавотлардан – сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкатлардан – кашнич, петрушка, салат кабиларни тўқсонбости муддатида экиб, етиштириш катта аҳамиятга эга.

Тўқсонбости усулида экилган сабзавотлар уруғи эрта кўкламда жуда барвақт униб чиқади ва авж олиб ўсиб-ривожланади. Бу арзон ва сифатли эртаги сабзавот ҳамда кўкат етиштириш имконини беради. Уруғ экилган эгатлар усти чириган маҳаллий ўғит ёки қипиқ билан мульчаланса ёки плёнка билан қопланса ниҳоллар тез униб, жадал ўсиб-ривожланади.

Энг муҳими, фермерларимиз бу усул билан нафақат ердан унумли фойдаланиб, даромадларини ошириши, балки озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллигини таъминлаб, халқимиз турмуш фаровонлигининг бундан ҳам яхшиланишига ҳисса қўшишлари мумкин. Семинарда соҳа мутахассислари ва тажрибали деҳқонлар фермерларга ўз маслаҳатларини бердилар.