Айни кунларда қишлоқ хўжалигида қизғин меҳнат палласи – пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан давом этмоқда. Пудратчи ва ҳашарчилар бир ёқадан бош чиқариб, ўзларининг фидойи меҳнатлари билан юксак “оқ олтин” хирмонини бунёд этишга бел боғлаганлар.
Амударё азалдан фидойи ва меҳнаткаш, ишнинг кўзини биладиган деҳқонлар юрти. Туманимиз деҳқон ва фермерлари бу иборанинг нақадар тўғри эканини мана неча йиллардан бери давлатга ғалла ва пахта топшириш бўйича шартномавий режаларини ортиғи билан бажариш орқали исботлаб келмоқдалар.
Бугун амударёлик фермерлар ўзларининг ҳалол меҳнатлари билан нафақат туманимиз довруғини таратмоқда, балки, даромад орттириб, ўз оиласи ва овул аҳлининг дастурхони тўкин бўлишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Фермернинг ҳаракати-унинг даромадига боғлиқ. Ҳисобида маблағи бўлмаган фермер нимани сотиб олиши мумкин? Бир сўз билан айтганда, ҳеч нарсани. Демак, ҳақиқий фермернинг ҳамёни тўла пул бўлиши керак. Қолаверса, у ишчан, ташаббускор, янгиликка ўч, деҳқончилик сир-синоатларини яхши биладиган, узоқни кўра биладиган одам бўлсагина, "Олтин фермер хўжалиги" мақомига эга бўлади. Аммо бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун кўпроқ изланиш, меҳнат қилиш талаб қилинади.
Дўрман овулига кираверишдаги «Бешбоев Қурбонғали» фермер хўжалиги далаларида ҳаёт қайнамоқда. Хўжалик раҳбари Қурбонғали Бешбоев 2002 йилдан буён мазкур вазифада ишлаб келмоқда. Фермер ҳосилдорликни ошириш устида тинмай изланади. Бу борада мамлакатимиз олимлари ва селекционерларининг маслаҳат ва кўрсатмалари билан чекланиб қолмасдан, 2007 йилда Миср Араб Республикасида Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида хизмат сафарида бўлиб, деҳқончилик ишлари бўйича тажриба орттириб қайтди.
Қурбонғали ака бошчилик қилаётган фермер хўжалиги далаларини айланар экансиз, рафиқаси ва 4 нафар фарзандидан тортиб ишчи-хизматчилар ва ҳашарчилар ҳам бир ёқадан бош чиқариб, пахта йиғим-терими билан банд эканлигининг гувоҳи бўласиз.
Уларга ҳормасин айтиш мақсадида туман фаоллари, маданият бўлими хонанда ва созандалари фермернинг даласига ташриф буюриб, ҳашарчилар билан мулоқотда бўлди. Тушлик пайтида уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун концерт дастури намойиш қилинди.
Маълумки, 2017 йилнинг 9-10 август кунлари уюшмаган ёшлар ўртасида "Ёшлар — келажак бунёдкори" шиори остида ўтказилган республика илмий-амалий конференцияда қатнашган бир гуруҳ иштирокчилар томонидан, шунингдек, кўп сонли фаол ва уюшмаган ёшларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқига қилган мурожаатларида "Пахта — 2017" мавсумида "Фидойи ёшлар отрядлари"ни тузиш таклифи билдирилган эди. Бугун Республика бўйича жами 575 та ана шундай отрядлар тузилган. Ушбу отрядларга жами 51138 та уюшмаган ёшлар қамраб олинган бўлиб, бу кўрсатгич кун сайин ортиб бормоқда, яъни отрядга аъзо бўлаётган ёшлар кўпаймоқда. 13 сентябр ҳолатига кўра, республика бўйича жами терилган пахтанинг 4700 тоннадан ортиғи отрядлар ҳисобига тўғри келади.
Ана шундай илғор ёшларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Респубилкаси Кенгаши раиси туманимизга ташриф буюриб, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши билан биргаликда илғор теримчи ёшларга эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, муҳаллалардаги уюшмаган аҳоли вакиллари, айниқса, оилавий теримчилар ва теримчи аёл-қизларни рағбатлантириш мақсадида туман Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари ҳам дала бошига бориб, илғорларга эсдалик совғаларини топширди.
Ҳа, бугун далаларимизда азму шижоатли, фидойи ва мард дала меҳнаткашларининг бой тажрибаси, кескин тадбири, жонкуярлиги, йил давомида қилган заҳматли меҳнати натижасида етиштирилган пахта хомашёсини йиғиб-териш мавсуми бошланади. Мамлакатимизда ташкил этиладиган бу умуммиллий ҳашарда фаол иштирок этиш ўз Ватанини севган, ўз юрти равнақи, келажаги йўлида фидойилик билан хизмат қиладиган ёшлар, нафақат ёшлар, балки ҳар бир юртдошимиз учун яратилган имкониятдир.
Барча юртдошларимизни ана шу имкониятлардан фойдаланган ҳолда далага, пахта теримига чақирамиз. Зеро, кузнинг ҳамжиҳатликда кўтариладиган баланд хирмон иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.