Ҳар қандай жиноят ва ҳуқуқбузарлик, умуман, нохуш ҳолатларнинг олдини олишда профилактик тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Бу борада туман Ички ишлар бўлими томонидан қатор учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ҳам шу каби тарғибот тадбири ўтказилди. Туман Хотин-қизлар қўмитаси ва ички ишлар бўлими вакиллари томонидан ташкил қилинган тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, маҳалла фаоллари, ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар иштирок этди. Ёшлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, ўқувчилар интизомини, уларнинг давоматини қатъий назоратга олиш борасидаги ишлар таҳлил этилди. Ўқувчи-ёшларга Ватанни, ўз оиласи ва касбини севиш, эл-юрт олдида бурч ва масъулиятни ҳис этиб яшаш, қонунларни ҳурмат қилиш, ор-номус, одоб-ахлоқ меъёрларини сақлаш ҳақида тушунчалар берилди.
Ўтказилган учрашувда ўрта-махсус таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчиларни чет элга чиқиб кетишлари, коллежларда давомат аҳволи яхши эмаслиги, ўқувчилар томонидан турли хилдаги ҳуқуқбузарликлар содир қилиниши ачинарли ҳолат эканлигини кўрсатиб ўтилиб, ёшларнинг ўз вақтида ўқишга келишларини, уларни маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан етук инсон бўлиб камолга етишлари учун педагог ходимлар ва жамоат ташкилотлари ҳамда ота-оналар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш лозимлиги, улар ўртасидаги бўшлиқни тўлдиришни ва ҳамкорликни кучайтириш кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, ёшлар тарбиясида ота-оналар масъулиятини ошириш, ўқувчиларнинг дарсга узлуксиз келишлари учун таълим муассасалари раҳбарияти томонидан кўриладиган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 май кунги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ёнғинлар профилактикаси куни” деб белгиланган эди.
Ушбу қарорда давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига аҳоли, ташкилотлар ва таълим муассасалари ўртасида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя этиш тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш, ёнғинларнинг олдини олиш ва муваффақиятли бартараф этиш тадбирларига жамоатчиликни кенг жалб қилиш, маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб, тушунтириш ишларини амалга ошириш, уларнинг якунида ёнғинга қарши ҳолат бўйича аниқланган камчиликларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиш каби вазифалар топширилган эди.
Шу мақсадда Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида учрашув ўтказилиб, унда ўқувчиларга ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш тартиби бўйича кенг тушунчалар берилди.
Кўргазма давомида мутахассислар томонидан ёшларга ўт ўчириш машиналари ҳамда жиҳозларини ишлатиш тартиб-қоидалари тушунтирилди. Уларга фавқулодда ҳолатларда қандай ҳаракат қилишга оид маслаҳатлар берилди.
Бундан ташқари, ўқувчилар ўртасида ёнғин ўчириш бирламчи воситаларидан фойдаланиш, қисқа вақт ичида махсус жанговар кийимларни кийиш бўйича мусобақалар ўтказилди. Ўз навбатида тажрибали ўт ўчирувчиларнинг кўргазмали чиқишлари ҳам тадбирнинг мазмунли ўтишини таъминлади.
Бу каби профилактик тадбирларнинг ўтказилиши ёшларда ёнғин хавфсизлиги кўникмаларининг шаклланишига ва бу каби бахтсиз ҳодисалар содир бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.