Юртимиз ҳақида гапирганимизда, албатта, жаннатмакон деган сўзни қўшиб айтгимиз келаверади. Бу – аввало кўз очиб кўрган, киндик қонимиз томган ота маконимизга меҳримизнинг ифодаси, қолаверса, Ўзбекистон табиатининг бетакрорлиги, йилнинг тўрт фаслида ҳам қуёш нур сочиб, кўнгилларни равшан этиб туриши, она заминимиз саховати билан бошқа юртлардан ажралиб туришига ишорадир.
Чор-атрофимизни ўраб турган оламнинг мусаффолиги, гўзаллигини сақлаш, фуқаролар учун қулай яшаш шароитлари яратиш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳудудларнинг тоза, орасталигини янада яхшилаш, экологик муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелда қабул қилган "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган "Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси юртимиз экология ва санитария ҳолатини янада яхшилашда, шаҳар ва қишлоқларимизнинг обод ва кўркам, файзли бўлишида муҳим аҳамиятга эга.
Қарорга мувофиқ, корхонанинг туманимизда ҳам филиали ташкил этилди ва фаолиятини бошлаб юборди.
"Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг туманимиздаги филиали бошлиғи Икром Каримов билан учрашиб, ундан амалга оширилаётган ишлар хусусида гапириб беришини илтимос қилдик.
– "Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, ҳар бир шаҳар, туманларда унинг филиаллари фаолияти йўлга қўйилгани мамлакатимиз фуқаролари соғлигини сақлашга, экологик маданиятини ошириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилгандир.
Қарорга мувофиқ, филиалимизнинг банкда ҳисоб рақами очилиб, Низоми ишлаб чиқилди. Ободонлаштириш бошқармасидаги шу йўналишда фаолият олиб бораётган ишчилар ва техникалар янги корхонага ўтказилди. Ободонлаштириш бошқармаси фақат туман марказидаги кўчалардан ҳафтасига 2 марта чиқинди ташиган бўлса, корхонамиз эндиликда туман аҳолисининг 70 фоизидан зиёди истиқомат қиладиган қишлоқларни ҳам қамраб олмоқда.
Туман Ободонлаштириш бошқармасининг чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича ҳудуддаги хўжалик субъектлари билан шартнома асосида олиб борган ишлари талаб даражасида эмасди. Чунки чиқиндиларни тўплаш, ташиб кетиш, зарарсизлантириш ва йўқотиш учун куч, маблағ етишмасди.
Эндиликда Президентимизнинг юқорида таъкидланган Қарори асосида ташкил этилган филиалимизда туманимиз ҳудудини тоза ҳудудга айлантириш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Махсус техника ва контейнерлар билан таъминлаш, полигонлар ҳамда махсус автогаражлар қуриш учун маблағлар ажратилмоқда, корхона, ташкилотлар ва жисмоний шахслар билан маиший чиқиндиларни йиғиш ва ташиб кетиш хизмати бўйича шартномалар тузилмоқда.
Шу кунгача филиалимиз томонидан 66 та юридик ташкилотлар ва 3452 нафар жисмоний шахслар билан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизмати кўрсатиш бўйича шартномалар туздик ва шу асосда фаолият олиб бораяпмиз.
Мақсадимиз ўзимиз истиқомат қиладиган ҳудудимизнинг тоза, орасталигига эришиш, соғлом яшаш учун зарур муҳит яратишдир.
Суҳбатдош Ойгул РАЖАБОВА.
Манба: amunews.uz