Агросаноат мажмуаси ходимлари касаба уюшмаси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгашлари, туман Хотин-қизлар қўмитаси ва Фермерлар Кенгашининг туманимиз аҳолисига
МУРОЖААТИ
Ҳурматли юртдошлар!
Мана, 26 йилдирки мустақил тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган Ўзбекистонимиз бугун том маънода ўзгариш ва янгиланишлар майдонига айланди. Муҳтарам Президентимиз Бирлашган миллатлар ташкилотининг яқинда бўлиб ўтган 72-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, "... Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз. Жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда”.
Давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматимизнинг халқ манфаатини ўйлаб, одамларнинг дарду ташвишиларини, муаммоларини ҳал қилиш йўлидаги хайрли ишлари ҳар бир юртдошимизнинг эртанги кунга ишончини оширмоқда. Бундан руҳланган ҳамюртларимиз аҳиллик ва ҳамжиҳатликда иш олиб бориб, ўз меҳнати, билим ва тафаккури билан Ватанимиз тараққиётига янада катта ҳисса қўшишга чоғланмоқда.
Бугун – деҳқонларимиз йил бўйи қилган машаққатли меҳнатининг маҳсули хирмонга тўпланадиган қизғин паллада бу ҳамжиҳатлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Сабаби пахтакорларимизнинг 5-6 ойлик машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ҳосил, агар қисқа фурсат ичида йиғиштириб олинмаса, кузнинг ёғин-сочинли кунларида нобуд бўлиши мумкин.
Қадрли овул ва маҳалла аҳли!
Бир-бировга ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш, қийин-қистовли кунларда маҳалладошларимизнинг, қишлоқдошларимизнинг ёнида туриб, уларга камарбаста бўлиш халқимизга азалдан бобомерос қадриятдир. Бугун бободеҳқонларимиз пешона тери эвазига етиштирилган "оқ олтин” бепоён далаларда, Сиз азизларнинг ғайрат ва шижоатингизни кутиб ётибди. Иқтисодиётимизнинг асоси бўлган "оқ олтин”ни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, йиғиб-териб олишда пахтакор-деҳқонларга яқин кўмакдош бўлинг!
Унутмангки, Сизнинг бугунги холисона ёрдамингиз эртанги кунимиз фаровонлиги, дастурхонлар тўкинлиги, фарзандлар саломатлиги ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишишида бениҳоя катта аҳамият касб этади.
Бугун кечагидан, эртага бугунгидан ҳам самаралироқ меҳнат қилишга, ҳашар дамларининг ҳар бир лаҳзасидан моддий ва маънавий манфаатдор бўлишга интилинг! Сизнинг бу интилишингиз туманимизнинг юксак "оқ олтин” хирмонини бунёд этиш йўлидаги энг шарафли ҳаракат эканлигини асло унутманг!
Азиз ва муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Миллий урф-одат ва удумлар, қўни-қўшничилик қадриятлари Сиз, азизларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатингизда, ўзбекона тутумларингизда акс этиб туришини барчамиз яхши биламиз. Айниқса, Сизларнинг феълингизга хос бу гўзал фазилатлар, ҳар йилги пахта йиғим-терими даврида, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат тимсоли бўлган ҳашар номи билан янада улуғлик касб этади.
Оилаларимиз устуни, чароғбони бўлган кўпни кўрган онажонлар!
Сизларнинг фарзандлар тарбиясидаги меҳнатсеварлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатга йўғрилган катта ҳаёт тажрибангиз бугун белига этак боғлаб, пахтакорларга ёрдамга чиқаётган ҳар бир ўғил-қизга, юртдошларимизга куч ва мадад эканлигини унутманг!
Ўз вақтида, сифатли териб олинган ҳар бир килограмм пахта нуронийларимизнинг пенсия ва нафақаларини, бюджет ташкилотлари ишчиларининг ойлик иш ҳақларини ўз вақтида олишлари, ижтимоий соҳанинг равнақ топиши, эл-юрт ободлиги учун катта ҳисса бўлишини фарзандларимизга ҳам тушунтириб, уларни ҳам йиғим-терим ишларида қатнашишга чақиринг!
Эртанги кун бунёдкорлари бўлган азиз ёшлар!
Сиз – буюк келажагимиз эгаларисиз! Сизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил қилади. Шу мақсадда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил қилинди. Агар Сиз вақтинча ишсиз юрган бўлсангиз, Ёшлар иттифоқининг фаол ёшлари сафига қўшилинг! Ташкилот томонидан тузилган "Фидойи ёшлар отрядлари”га аъзо бўлиб, тенгқурларингиз билан дўстлашиш, суҳбатлашиш ва фикр алмашиш имкониятини қўлдан бой берманг! Йиғим-терим ишларида қатнашиб, фаол меҳнатингиз билан Ёшлар иттифоқи ва ҳомий ташкилотларнинг қимматбаҳо совғаларига эга бўлинг! Даромад топиб, оилангиз фаровонлигига ва юртимиз тараққиётига ҳисса қўшинг!
Энг муҳими, Сизнинг камолга етиб, комил инсонлар бўлишингиз учун етарли шароит яратаётган, имконият эшикларини очаётган давлатимизнинг чақириғига меҳнатингиз билан муносиб жавоб қайтаринг!
Қадрли юртдошлар!
Ота-боболаримиз шу муқаддас заминда асрлар бўйи бир-бирига дўст-биродар бўлиб, қувонч-у ташвишини бирга баҳам кўриб яшаб келишган. Аждодлармиз анъаналарига содиқ қолган ҳолда сиз ҳам бугун ўз ўрнингизни пахта даласида деб билиб, деҳқонларимизга шу қийин-қистовли кунларда елкадош бўласизлар, етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олишга ҳиссангизни қўшасизлар, деб ишонамиз. Ўзини шу юртнинг фарзанди, деб билган ҳар бир кишининг ўрни бугун далада! Юрт корига яраш, элга камарбаста бўлиш эса ҳақиқий ватанпарварликдир!