Ҳар бир ишда меъёр бўлгани каби давлатимизнинг солиқ тизимида ҳам маълум тартиб-қоидаларга амал қилинади. Ана шундай тартиб-қоидалардан бири бу – фуқароларнинг қонун билан белгиланган солиқ тўловлари бўйича мажбуриятидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида фуқароларнинг бу мажбурияти аниқ белгилаб қўйилган.
Солиқ Кодексининг 272- ва 273-моддаларига мувофиқ фуқаролик мажбурияти бўйича ер ва мол-мулк солиғини тўлаш муддатлари ҳам кўрсатилган. Унга кўра, фуқаролар ҳар йилнинг 15 октябрига қадар ер ва мол-мулк учун ҳисобланган солиқни тўлашлари зарур. Лекин минг афсуски, кўпчилик фуқаролар йиллар давомида зиммаларидаги бу мажбуриятларини унутиб ёки солиқ тўлашдан бош тортиб, кўплаб миқдорда қарздор бўлиб қолишмоқда. Баъзи ҳолларда уларнинг ер ва мол-мулк бўйича зиммаларидаги солиқ тўловлари суд орқали ундирилмоқда.
Шу боис, фуқароларимизга ер ва мол-мулк (кўчмас мулк)ингизни ўз вақтида инвентаризациядан ўтказиб, бу борадаги солиқ тўловларини ўз вақтида амалга оширинг, деймиз. Сабаби, вақтида амалга оширилмаган солиқ тўлови учун устама (пеня) ҳисобланади ва ҳисобланган устама, албатта, оила иқтисодига зарар келтириши табиий.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 36-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғини тўламаган фуқароларнинг бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик ҳуқуқи бекор қилинади.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, туман Давлат солиқ инспекцияси фуқароларнинг энг яқин ҳимоячиси ҳамдир. Инспекция офисига ўрнатилган 515-49-02 «Ишонч телефони» орқали солиқ тизими фаолиятига оид фуқаролардан тушган ҳар қандай мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилади ва қатъий назоратга олинади. Хусусан, савдо тармоқларида назорат-касса машиналарининг ишлатилмаслиги, чек ёки унга тенглаштирилган квитанцияларнинг берилмаслиги, банк пластик карталарига савдо қилмаслик ёки пластик карталарга нақд пулга нисбатан ошириб савдо хизмати кўрсатиш борасидаги мурожаатлар тегишли тартибда кўриб чиқилиб, мурожаат қилувчиларга ўз вақтида жавоб берилаётгани боис, «Ишонч телефони»га кун сайин фуқароларнинг ишончи ортиб бормоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, туман ДСИ ҳар доим ва ҳар соатда фуқароларимизнинг ижтимоий ва иқтисодий фаровонлиги учун масъулдир.
Ш.МАТНИЯЗОВ, туман ДСИ навбатчи қисм навбатчиси.
(Фото - http://uz24.uz)