МАНFИТ ШАҲРИ КАТТА АЙЛАНМА ЙЎЛИ ҲАДЕМАЙ ЯНГИЧА ҚИЁФА КАСБ ЭТАДИ

Туман янгиликлари

Йўллар. Ҳудудларни ҳудудлар билан боғлаб, кўнгилларида бир-бирига  меҳр-оқибат, дўстлик ришталари мустаҳкам бўлган юртдошларимизга ҳеч қийналмай бир-бирлари билан дийдорлашиб туришларига, давлат аҳамиятидаги юкларнинг ўз вақтида манзилига етказилишига хизмат қилувчи йўлларнинг турмушимиздаги аҳамияти жуда улкан.

Чиройли, текис, равон йўллар, уларнинг четларига ўрнатилган мазкур ҳудудларнинг номи, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга даъват этувчи шиорлар, тун зулматини ҳам ёритиб турувчи чироқлар юртимизнинг файзи, фаровонлигимизнинг кўзгуси.

Шу боисдан ҳам туманимизда туман йўлларидан фойдаланиш корхонаси мунтазам равишда йўллар атрофида ободонлаштириш, йўлларни яроқли ҳолда сақлаш, зарур ҳолларда таъмирлаш ишларини олиб боради.

Айни кунларда корхонада амалга оширилаётган ишлар хусусида корхона директори Анвар Камолов батафсил маълумот беради.

– Корхонамиз туман бўйича умумфойдаланувдаги 340 километрлик автомобиль йўлларини тўла, жорий таъмирлаш ва сақлаш ишларини амалга оширади. Шунинг 71 километри давлат аҳамиятидаги йўллар, 269 километри маҳаллий аҳамиятдаги йўллардир. Мазкур йўлларнинг 16 километри II тоифа, 30 километри III тоифа, 261 километри IV тоифа ва 34 километри V тоифа йўллар бўлиб, 122 километри асфальт-бетон, 185 километри қора қопламали, 25 километри тош йўл ва 9 километри тупроқ йўллардан иборат.

2017-2021 йиллар мобайнида корхонамиз иш режаси бўйича 130 километр умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларни таъмирлаш кўзда тутилган. Шу жумладан 71 километр давлат аҳамиятидаги йўлларнинг 21,5 километри, яъни 30 фоизи, маҳаллий аҳамиятдаги йўлларнинг 40 фоизи – 108 километри, жами йўлларнинг эса 38 фоизи таъмир талаб аҳволда. Бир километр йўлни тўла таъмирлашга 1 млрд. сўм, жорий таъмирлашга 350-400 млн. сўм маблағ сарфланишини инобатга олсак, олдимизда нақадар масъулиятли вазифалар турганлиги аён бўлади.

Айни кунларда 4 к 6 рақамли маҳаллий аҳамиятдаги Манғит шаҳри катта айланма йўлини тўла таъмирлаш ишлари қизғин кетаяпти.

Мазкур йўлда тўла таъмирлаш ишлари 2016 йилда бошланиб, 450 млн. сўмлик иш ҳажми ўтган йилда бажарилган эди.

Жорий йилда буюртмачи ташкилот Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси йўл жамғармаси дирекцияси билан корхонамиз шу йўлдаги тўла таъмирлаш ишларини бажариш учун янгидан шартнома имзолади ва 2 млрд. сўмлик тўла таъмирлаш ишларини бошлаб юборди.

Айни кунгача мазкур йўлда корхонамиз томонидан 600 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди, 1,5 км. қисмига 1-қатлам асфальтобетон ётқизилди, 23 та ёритиш устунлари ўрнатилди, йўлнинг икки жойидаги сув ўтказгич трубалари янгиланди, 750 метр узунликда пиёдалар йўлаклари барпо этилди.

Йўлни тўла таъмирлаш учун келгусида 57000 м. квадрат майдонга асфальт ётқизиш, 874 тонна битум, 16578 тонна асфальтобетон сарфланиши кўзда тутилган. Шунингдек, 7450 метр куб тупроқ тўкилади, 1,5 км. масофага ёриткичлар ўрнатилади ва янгидан 1,4 км. масофадаги пиёдалар йўлакчаси қурилади.

Хуллас, 4 к 6 рақамли маҳаллий аҳамиятдаги Манғит шаҳри катта айланма йўли 2018 йилда тўла  таъмирлаш ишлари тугалланган вақтда кўрган кўзни қувонтирадиган, чиройли, равон йўлга айланади, автомобиль қатнови ва пиёдалар учун ҳам қулай шароитларга эга бўлади.

Корхонамиз ишчи-хизматчилари ана шундай эзгу мақсад йўлида меҳнат қилишмоқда.

Суҳбатдош  Ойгул РАЖАБОВА.

Манба: amunews.uz