МАЪНАВИЯТ ФИДОЙИСИ

Туман янгиликлари

Инсон ҳаёти бебаҳо. Унинг бебаҳолигини англаб қадрига етиб, муносиб, гўзал ва ибратли ҳаёт кечираётган инсонлар орамизда жуда кўп. Ҳа, бундай инсонлар нафақат ўз умрини мазмунли яшайди, балки атрофдагиларнинг ҳам юрагига зиё бўлиб кириб, ҳаёт йўлларини ёритади.

Ҳаётини ёш авлодга билим беришга бағишлаган зиёли ва камтарин, фидойи инсон Аҳмад ака Машариповни туманда деярли ҳамма танийди. Чунки, Аҳмад ака Машарипов таълим соҳасида кўп йиллар фидокорона меҳнат қилиб, юзлаб шогирдлар етиштирди ва оилада фарзандларини ҳам эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказди.

Аҳмад Машарипов олий ўқув юртини 1969 йилда тугатди ва собиқ Стрелков номидаги ўрта мактабга физика фани ўқитувчиси бўлиб ишга келди. Сўнгра тумандаги 36-сонли, 38-сонли мактабларда иш фаолиятини давом эттирди. Кейинчалик 1984 йилдан (шу даврда янги қурилган) 40-сонли мактабда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари ва мактаб директори лавозимларида 2000 йилга қадар фаолият кўрсатди. Шу даврлар мобайнида Аҳмад ака Машарипов кўплаб шогирдлар тайёрлади. Меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, дастлаб “Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси”, “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” унвонлари билан ҳамда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил” кўкрак нишони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими Вазирлигининг, туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирланди.

Аҳмад ака умр йўлдоши раҳматлик Нурпошша опа билан 7 нафар фарзандни вояга етказишди. Ҳозир неваралари 24 нафар, чеваралари эса 9 нафар бўлишди. Улар ҳам оталарининг изидан бориб, илм йўлини танлашди.

Аҳмад ака оилада фарзандларини китобларга, мутолаага меҳр қўйишга ўргатди. Шундай муҳит яратдики, уларнинг ҳар бири ҳаётни китоблардан ўрганиб, ўзларига муносиб келажак яратдилар ва ўз ўринларини топдилар. Мана шу муҳитдан келиб чиқиб, фарзанди Улуғбек 2001 йилдан тадбиркорликни йўлга қўйди ва китоблар савдоси билан шуғулланиб, кейинчалик унга бутун оилани жалб этди.

– У даврларда китобларга эътибор бироз сусая бошлагандек эди, – дея сўзлайди Аҳмад ака Машарипов. – Мен фарзандим Улуғбекнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватладим. Китоб – инсонлар ҳаётига зиё бўлиб киради. Юртдошларимизга зиё улашиш истагида ташкил этилган фирмамизнинг фаолиятини янада кенгайтирмоқдамиз. “Шарқ”, “Ўзбекистон” каби 6 та нашриёт билан шартнома тузиб, турли  китоблар келтиришни йўлга қўйганмиз. Келажакда “Китоблар олами” мажмуасини ташкил этиб, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларига ўз ҳиссамни қўшишни бурчим деб биламан. Халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналари билан таъминласак, уларнинг дунёқараши, тафаккури юксалади ҳамда мамлакатимизда ватанпарвар ва халқпарвар инсонлар сафи янада кенгаяди.

Аҳмад ака Машариповнинг кўнглидаги мана шундай эзгу ниятлари, оиласи, юзлаб шогирдлари ва китоблари бор бисотидир. У мана шу бисотини бебаҳо бойлик деб билади. Бу қарашлари эса унинг ўзи яратган мазмунли ва гўзал ҳаётида акс этади. Аҳмад ака Машарипов шогирдлари, фарзандлари ва эл-юрт эҳтиромига сазовор инсон. Чунки, у ҳаётларга зиё бўлиб кириб, инсонларни маънавият сари етакламоқда!

Озода ХУДОЙБЕРГАНОВА.

Манба: amunews.uz