Кўприклар қуришган боболаримиз,
Кўнгилдан-кўнгилга, эллардан-элга.
Оламнинг сайқали маъволаримиз
Сувратин кўчириб диллардан-дилга.
Илм кўприкларин қуришган, метин,
Миллатни танитиб башариятга.
Шарҳлаб дини ислом, ҳадис қудратин,
Номин ёзиб қўйган абадиятга.
Биз ҳам кўприк қурдик, қаранг, муҳташам,
Дунёга элтувчи йўллар дарбанди.
Йилларни қаритган эртак ҳам, туш ҳам,
Бугун халқим учун ростга айланди.
Шундайин кўприк бу келажакка йўл –
Шу йўлдан борамиз тараққиётга.
Сукунатга чўмган анов саҳро – чўл,
Бағри тўлиб кетар жўшқин ҳаётга.
Авлодлар улғаяр жасоратли, мард,
Бошларида тутиб илм-ирфонни.
Она юрт шаънига қўндирмагай гард,
Бунёд этар янги Ўзбекистонни!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.