БОЛАЖОНЛАР УЧУН ЯНГИ, КЎРКАМ БИНО

Туман янгиликлари

Мамлакатимизда ёш авлод тарбияси ва уларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун етарли шароит яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу ўз навбатида ижобий самара кўрсатиб, ёшлар ҳар соҳада ютуқларга эришиб келмоқдалар ва юртимизни дунёга танитмоқдалар.

Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотлар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келаётганлиги Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қатор фармон ва қарорларида ўз ифодасини топмоқда.

Айниқса, мактабгача таълим муассасалари ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади. Муассасада тарбияланаётган болажонлар мактаб ёшига етгунга қадар кўп нарсаларни ўрганиб олишга улгуради. Ўзини тутиш, тозалик, жисмоний тарбиядан тортиб, нутқ ўсиши, ўқиш ва саводга тайёргарлик кабиларнинг ҳаммасини бола мактабгача таълим муассасасида тўлиқ ўзлаштириб олади. Болаларда мустақил шахс тушунчаси шаклланиб, қобилиятлари очилади. Мактабгача таълим муассасалари болаларни тарбиялаш, ўқитиш, назорат қилиш, парваришлаш ва соғломлаштиришни таъминлайди.

Туманимизда ҳам мактабгача таълим муассасалари  учун янги ва барча шароитларга эга бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. “Чордара” маҳалласида жойлашган 3-сонли мактабгача таълим муассасаси эски бинода фаолият кўрсатаётган эди. Шу йилнинг май ойида “Темир бетон” масъулияти чекланган жамияти томонидан муассаса учун янги ва кўркам бино қурилиши ишлари бошлаб борилди. Қурилиш учун 1 миллиард 100 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Барча шароитларга эга ва замонавий таълим муассасаси биноси қурилиши октябрь ойида якунланиб, фойдаланишга топширилди. Қулай жиҳозланган янги бино 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, барча талабларга жавоб беради.

Яқинда мазкур муассаса янги биносининг очилиш маросими ўтказилди. Маросимда туман ҳокими ўринбосари Улуғбек Полвонов, “Темир бетон” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари, халқ таълими бўлими ходимлари ва маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

Мактабгача таълим муассасаси янги биносининг фойдаланишга топширилиши “Чордара” маҳалласи аҳли ва жажжи болажонларнинг чексиз қувончига сабаб бўлди. Ишонамизки, янги бинода ўз фаолиятини бошлаган муассасада тарбияланаётган болажонлар келажак бунёдкорлари ва комил инсонлар бўлиб вояга етадилар.

О.Худойберганова, журналист.