Тиббиёт масканига саломатлигидан шикояти бор инсонлар шифокорлардан нажот кутиб ташриф буюрадилар. Ҳар қандай беморга у мурожаат қилган шифокорнинг энг аввало ширин сўзлари таскин бўлади ва шифо топишига умид уйғотади. Шундан сўнггина бемор муолажалар ёрдамида саломатлигини тиклаб олади.
Кўп йиллардан бери соғликни сақлаш соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган шифокор Рустам Хидирбоев ҳам беморлар дардига даво топиб, уларнинг саломатлиги тикланишига ҳисса қўшиб келмоқда. Мутахассислиги болалар шифокори бўлган Рустам Хидирбоев 1981-88 йилларда Тошкент шаҳридаги Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институтида таҳсил олди. Ўқишни тугатганидан сўнг туманда иш фаолиятини силга қарши диспансерда фтизиопедиатр бўлиб ишлашдан бошлади. Бир йилдан кейин болалар поликлиникасида белгиланган ҳудуд бўйича болалар шифокорлиги вазифасига ўтди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида ўз ишини сидқидилдан бажараётган Рустам Хидирбоевни “Қипчоқ” қишлоқ врачлик пунктига мудир қилиб тайинлашди. Зиммасидаги масъулиятни шараф билан адо этиб келаётган Рустам Хидирбоев нафақат қипчоқликлар учун, балки “Чойкўл”, “Тўлқин”, “Дарёбўйи”, “Уйшин” ва “Бештом” овулларида яшовчи барча аҳоли учун қадрдон бўлиб қолди. Чунки, аҳоли ичида кимни қандай дард безовта қилса, дарҳол мана шу масканга ташриф буюриб, бу ердаги шифокорларнинг тезкор ёрдамларидан баҳраманд бўлмоқда.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғликни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар бериб келмоқдалар, – дейди 1-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Рустам Хидирбоев. – Мазкур кўрсатмаларга асосан тизим тубдан ислоҳ қилинмоқда. Туманимизда қишлоқ оилавий поликлиникаларининг ташкил этилганлигини соҳадаги ислоҳотлардан бири сифатида эътироф этишимиз мумкин. Аҳолига қулайлик яратиш ва сифатли тиббий хизматга, бирламчи тиббий-санитария хизматига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар халққа жуда манзур бўлмоқда.
Шу йилнинг май ойида ишга туширилган 1-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида терапевт, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог, жарроҳ ва ультратовуш ташҳиси бўйича мутахассис-шифокорлар аҳолига хизмат кўрсата бошлади. Поликлиника “Саломатлик - 2” лойиҳаси бўйича тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ундан ташқари, поликлиникага тез ёрдам машинаси ҳам бириктирилган.
Яқин кунлар ичида туманимиздаги поликлиникаларда янада яхшироқ қулайликлар яратилиб, ишдаги самарадорлик ортишига имкон бўлади.
Озода Худойберганова.
Манба: amunews.uz