Тумандаги Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида турли йўналишлар бўйича ёшларга касб ва ҳунар ўргатилмоқда. Коллежда ўқувчиларнинг қизиққан ҳунарлари бўйича ўқиб-ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Ўз навбатида ўқувчилар ҳам ютуқлари билан коллеж номини мамлакат миқёсида танитмоқда.
Коллежнинг ошпазлик йўналиши бўйича таҳсил олаётган ўқувчилари яқинда Мўйноқ туманида ўтказилган “Орол балиқларидан 99 турли таомлар” гастрономик фестивалида иштирок этишга муваффақ бўлдилар. Мўйноқ туманининг “Мадели” овулидаги “Кўксув” кўли бўйида ўтказилган гастрономик фестивалда коллежнинг ошпазлик йўналишида ҳунар ўрганаётган Ж.Файзуллаева, Р.Рустамов, Х.Давлатбоева, Ш.Қурбонбоева ҳамда Ў.Қурбоновалар ўзларининг балиқлардан тайёрлаган ҳар хил таомларини намойиш қилдилар. Коллежнинг ишлаб чиқариш таълими устаси Р.Болтабоевадан ошпазлик маҳоратини ўрганган ўқувчилар ўзлари тайёрлаган таомлари билан фестивалда иштирок этган барча коллежлар ўртасида 1-ўринга, Ўзбекистон Республикаси миқёсида эса 3-ўринга лойиқ деб топилди. Ғолиб бўлган коллеж ўқувчиларига Ўзбекистон Республикаси Ошпазлар ўқув департаменти бошлиғи, техника фанлари номзоди Ҳ.Назаров қимматбаҳо совға тақдим этди.
– Бу бизни жуда руҳлантирди, – дейди қувонч билан коллежнинг касбий таълим ишлари бўйича директор ўринбосари Ш.Матирзаев. – Шу руҳ билан навбатдаги танловга ҳам қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Мазкур танлов касб маҳорати бўйича коллежлар ўртасида “Тикув ва тикув-трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш техник-технологи” ва “Кенг ассортиментдаги кийимлар модельер-конструктори” йўналишлари ўқувчилари иштирокида ўтказилиши эълон қилинган эди. Дизайнер ва тикувчи қизларимиз ўзларига ишонч билан тумандаги коллежлар ўртасидаги танловда иштирок этишди ҳамда 1-ўринни қўлга киритишди.
“Миллий, этнографик ва бадиий либослар дизайнери” касб маҳорати кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги босқичи Нукус шаҳридаги Нукус политехника коллежида бўлиб ўтди. Амударё қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчилари Л.Халиллаева, Э.Тлеубоева ҳамда С.Қодировалар бу кўрик-танловда миллий дизайн асосида фольклор, эклектика ва кантри услубларида яратган 10 турдаги либослари билан иштирок этдилар ҳамда Республикадаги барча коллежлар ўқувчилари ўртасида 1-ўринни эгалладилар.
– Ўқувчиларимиз кўрик-танловнинг Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги босқичида иштирок этишга муваффақ бўлдилар. Турли вилоятлардаги коллежларнинг тикувчи ва дизайнер йўналиши ўқувчилари иштирок этган танловда бизнинг ўқувчиларимиз ҳам ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Кўрик-танловда ўқувчимиз Л.Халиллаева «Энг яхши бадиий либос» номинацияси ғолиби деб топилди ва сертификат билан тақдирланди, – дейди фахр билан коллежнинг ишлаб чиқариш таълими устаси С.Мингбоева.
Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган коллеж ўқувчиларининг интилишлари турли ютуқларда намоён бўлмоқда.
Озода ХУДОЙБЕРГАНОВА.