Президентимизнинг 2017 йил 7 декабрь кунги "Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони билан соҳадаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб, халқимизнинг ризқ-рўзи ва фаровонлигини, юртимизнинг иқтисодий қудратини ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, аграр секторда ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва давлат дастурлари ижросини таъминлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, илғор агротехнологияларни амалиётга жорий этиш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Мукофотланганлар орасида Амударё туман Холимбег овулида яшовчи юртдошимиз, «Уста Аллаяр» фермер хўжалиги бошлиғи Ражаббай Султанов ҳам бор. У Президент фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Юртдошимизни Президентимиз ва халқимизнинг юксак ишончига сазовор бўлгани билан табриклаб, эл-юртимиз дастурхони тўкинлиги, халқимиз фаровонлиги ва иқтисодиётимиз ривожи йўлидаги машаққатли ишларида омад тилаймиз!