Мамлакатимизда болалар келажагимиз ворислари, миллатимиз давомчилари сифатида эъзозланади. Поёнига етаётган 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида эртамиз эгаларини ҳар томонлама камолга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу ишлар болажонлар учун ташкил қилинган Президент арчаси байрам тадбирида яна бир марта эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёш авлодни турли ёт ғоялар, мафкуравий таҳдидлардан ишончли ҳимоялаш, уларнинг билим ва маънавиятини янада бойитишга қаратилган кўплаб маърифий лойиҳалар, амалий чора-тадбирлар ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-онасиз ёки уларнинг қаровисиз қолган болаларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили Янги йил байрами арафасида бу саховат ва меҳр нишоналари дилларда яна бир бор бўй кўрсатади.
Янги – 2018 йил арафасида ҳам 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 хил ширинликлардан тайёрланган “Президент совғаси” мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уюштирилаётган “Президент арчаси” тантаналарида орзиққан юракларни шодликларга тўлдирди. 29 декабрь куни туманимиздаги “Истиқлол” тўйхонасида ранг-баранг чироқлар билан безалган арча атрофида байрам тантаналари ташкил этилиб, болажонларга “Президент совғаси”нинг улашилиши бу борадаги ишларнинг ёрқин ифодасидир.
Тадбирда туманимиз ҳокими Султонбой Йўлдошев сўзга чиқиб, йиғилганларни Янги йил байрами муносабати билан қизғин муборакбод этди. 2017 йилда туманимизда барча соҳаларда амалга оширлган ишларни сарҳисоб қилиб, келгуси йил режалари хусусида тўхталди. Тадбир меҳмонлари иштирокида 50 нафар болажонларга байрам совғалари тантанали равишда топширилди.
“Президент арчаси” байрам тадбири шукуҳли ва эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳамда Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида ҳалок бўлганларнинг фарзандлари иштирок этди. Тўйхона биноси байрамона ўйинчоқ ва чироқлар билан безатилган арча атрофида Қорбобою Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари, таниқли санъаткорлар бир-биридан бежирим либослар кийиб, байрамга ошиққан болажонларни ва меҳмонларни хушнудлик билан кутиб олди. Бу ерда янграган куй-қўшиқлар, эртак қаҳрамонларининг ҳазил-мутойибалари йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Жонажон Ватанимизда ҳар бир инсон азиз, унинг қадр-қиммати юксак. Шунга монанд халқимизнинг меҳри дарё, саховати уммон. Айниқса, фарзандларга меҳр-муҳаббат кўрсатиш азалий қадриятимиз. “Президент арчаси” байрам тантаналарида ҳам халқимизнинг ана шундай инсонпарварлик, меҳр-оқибатлилик каби эзгу фазилатлари яна бир бор намоён бўлади. Бу тадбир болаларга қувонч, бир умрга унутилмас хотиралар туҳфа этади.
...Чорлов мусиқаси болажонларни ажойиб эртак-спектакль томошасига чорлади. Тумандаги таълим муассасаларининг ижодий жамоалари томонидан саҳналаштирилган мусиқий чиқишла байрам қатнашчилари эътиборига ҳавола этилди. Қизиқарли саргузаштларга бой воқеалар, куй-қўшиқлар, рақсларни ўзида жамлаган саҳна кўриниши асносида кичкинтойлар аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, катталарга ҳурмат, ақл, одоб инсонга зийнат бағишловчи фазилатлар эканининг гувоҳи бўлди.
Тадбир ниҳоясида барча болалар, ёш ижрочилар, байрам иштирокчилари жўрликда “Президент арчаси” қўшиғини ижро этди.
Янги йил муносабати билан байрам тантаналари туманимиздаги барча таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида кўтарингки руҳда давом этмоқда.