Марям Аҳмедова, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:
Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини бевосита видеотизим орқали чуқур ҳаяжон билан тингладим. Бундай Мурожаатнома мамлакатимиз тарихида илк бора тақдим этилаётгани ва унда барча соҳалар қамраб олингани билан кишини жуда ҳайратга солади, юртимизнинг бугунги ва эртанги куни кўз олдимизда намоён бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг аёлларнинг оғирини енгил қилиш, яшаш шароитларини яхшилаш, уларга фарзанд тарбиясида чин маънода кўмаклашиш орқали уларнинг ўзи учун ҳам яшашига имкон яратиш борасида қиладиган ишларимиз кўплиги ҳақида жуда ҳам куюниб гапиришлари, юртимиздаги ҳар бир аёлнинг, онанинг ички кечинмалари, яшаш шароитлари, ўй-фикрларини худди ёнида тургандек таҳлил қилиб беришларини кўриб, кўзларимга келган ёшни аранг тўхтатдим. Қанчадан-қанча соҳалар, йўналишлар, ечимини кутаётган қанча масалалар турибди. Лекин Муҳтарам Президентимизнинг энг аввал аёллар масаласига, муаммосига тўхталгани бу соҳанинг ўта долзарб эканини кўрсатади. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярмини аёллар ташкил этади ва келгуси авлод тарбияси ҳам аёлларга боғлиқ.
Бу борада Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий бўлимлари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Хотин-қизлар қўмиталарининг олиб бораётган ишлари қониқарли бўлмаётгани, уларнинг ўз вазифа ва мақсадларини етарли даражада тушуна олмаётгани, ҳар бир аёлнинг дардини ўз дарди деб ҳис қила олмаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Туманларда ҳали бу борада фойдалана олмаётган имкониятларимиз кўп. Фидойи, ватанпарвар, ишбилармон, катта ҳаётий тажрибага эга аёлларимизнинг кучидан етарли фойдаландикми? Ёки кўзи ёниб турган, билимга, илмга чанқоқ, янгиликка интилувчан ёш қизларимизни қай даражада қўллаб-қувватлаб, ўстиришга ҳаракат қилаяпмиз? Уларнинг кучидан оилаларни ўрганиш, муаммоларни биргаликда ҳал этишда қандай фойдалана олдик? Тегишли идора, ташкилот раҳбарлари олдига аёллар масаласини ҳал қилмаса бўлмайдиган даражада кўндаланг қўя олдикми? Агар тўлиқ фойдалана олсак, имконият ҳам, ваколат ҳам бор.
Туманимиз аҳолиси 190 мингдан ошган бўлса, шундан 94 мингдан зиёдини аёллар ташкил этади. 41 мингдан ортиқ оила мавжуд. 2017 йил давомида олиб борилган фаолиятимизни таҳлил қилсак, албатта, самарали натижалар ҳам бўлди. Туманда ўтган йил билан солиштирганда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари 56 фоизга камайган бўлса, ўз жонига қасд ва суиқасд этиш ҳолатлари 65 фоизга камайишига эришилди. Тадбиркорлик фаолиятига жалб этилган аёллар сони ва уларга ажратилган кредитлар миқдори ошди. Ногиронлиги бўлган аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилашда самарали ишлар амалга оширилди. Оилаларни мақсадли ўрганиш тизими яратилди.
Лекин, туманимиз аёлларидан ҳали Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналарига келаётган мурожаати тўхтамаётган экан, демак, олиб бораётган ижобий ишларимиз билан бирга камчиликларимиз ҳам кўп. Битта аёл жиноят содир этар экан, ёки битта аёл ўз жонига қасд этар экан, ҳали фаолиятимиз тўлақонли эмас. Бир нафар аёл оғир шароитда яшар экан, ҳали ваколатимизни тушуниб етмаяпмиз.
2018 йилнинг юртимизда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилиниши муносабати билан хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш ва шу орқали улар бандлигини таъминлаш, натижада турмуш шароитларини янада яхшилаш энг асосий вазифалардан биридир.
Ишимизни сифат ва мазмун, самара ва натижа жиҳатдан қайта кўриб чиқишимиз, масъулият, жавобгарликни янада оширишимиз, энг муҳими, фидойи бўлиб, ҳар бир аёлнинг дарду ташвишини ўз юрагимиздан ўтказиб меҳнат қилишимиз, ҳар бир аёл юртимизда бўлаётган янгиланишлар, ислоҳотлар натижасини бугун сезиши, ҳар бир аёл эртани кутиб эмас, бугун яхши яшаши керак деган тамойил билан хизмат қилиш ҳар биримизнинг энг муҳим бурчимиз ва вазифамизга айланиши керак.
***
Насиба СОБИPОВА, 4-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси:
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини бутун Ўзбекистон аҳли қатори мен ҳам зўр қизиқиш билан тингладим. Мазкур Мурожаатнома тобора ривожланиб, юксалаётган мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқувчи ҳужжат бўлди, десак асло хато бўлмайди.
Барча соҳалар қаторида мактабгача таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилганидан соҳа ходими сифатида жуда руҳландим. Президентимиз Мурожаатида таъкидлаганларидек, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтаришимиз лозим. Чунки, биз тарбия қилаётган ёш алвод тарбияси Ватанимиз келажаги учун муҳим. Биз муносиб қилиб тарбиялаган ҳар томонлама етук, баркамол фарзандларгина юрт келажагини ярата олади.
Давлатимиз раҳбарининг тизимни янада такомиллаштиришга қаратган эътиборлари туфайли яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, бу борада жонбозлик кўрсатиш – бизнинг вазифамиз. Президентимиз соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва яқин йилларда кўплаб боғчалар қурилишини ҳам таъкидлаб ўтдилар. Бу келажакда соҳадаги ислоҳотлар кўламининг янада ортишидан далолат беради. Ўз навбатида соҳа ходимлари сифатида бу жараёнга биз ҳам муносиб ҳисса қўшишимиз ва масъулликни янада кучайтиришимиз, фаоллик кўрсатишимиз даркор.
Аминманки, бу Мурожаатнома ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанимизнинг эртанги кунига, буюк келажагига ишончини янада мустаҳкамлади.