ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ИҚТИСОДИЁТНИ ЮКСАЛТИРАДИ

Туман янгиликлари

Тадбиркорлик иқтисодиётни юксалтиришда муҳим омил ҳисобланади. У аҳоли фаровонлигини таъминлаб, даромадларни оширибгина қолмасдан, ишсизликни бартараф этишда ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис, мамлакатимизда истиқлол йилларида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва уни кенгайтиришга эътибор қаратилиб, ишбилармонларга барча имкониятлар яратилмоқда.

Ҳозирги кунда юртимизда ҳар хил турдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб, иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшаётган ишбилармонлар ниҳоятда кўп. Айниқса, саноат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкил этилган тадбиркорлик субъектларида тайёрланган маҳсулотлар билан бозорларимиз тўлдирилмоқда. Тадбиркорлик фаолиятининг тобора кенгаяётгани эса жамиятда тадбиркорлик кўникмаси шаклланишга улгурганини англатади.

Тадбиркор ўзи ким? Тадбиркорлик деганда нимани тушунамиз? Ваҳоланки, маҳаллий шароитмизда кўпчилик тадбиркорликни бир жойдан, иккинчи жойга нарса олиб келиб сотиш, сотаётган одамни эса тадбиркор деб тушунади. Ваҳоланки, тадбиркорлик – муайян даромад топиш учун расмий рўйхатдан ўтган ҳолда, давлат қонунлари асосида ишбилармонлик фаолиятини олиб боришдир. Тадбиркор эса, мана шу фаолиятни ташкиллаштиради ҳамда ривожлантиради.

Ақл билан меҳнат қилиб, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, ҳунармандчилик ва бошқа шу кабиларни йўлга қўйиб, маҳсулот етиштираётган тадбиркорларимиз йўқ эмас. Аммо шиддат билан илгарилаётган давр учун бу даражадаги фаолият етарли эмас. Тадбиркорликнинг кўплаб соҳаларини яратиб, ривожлантириш керак. Бу эса янги ғоялар ва технологиялар жорий этилишини тақозо этади.

Иқтисодчилар томонидан таҳлил қилинганида, юртимизнинг ялпи ички маҳсулоти жон бошига йилига тахминан 2111 доллардан тўғри келиши аниқланди. Бир ойда эса бир киши учун давлат бюджетидан тахминан 110 минг сўм ажратилиши маълумотларда кўрсатилган. Жаҳон миқёсида қараладиган бўлса, жаҳон банкининг талабларига кўра, яъни ички маҳсулот аҳоли жон бошига 12 минг доллардан ошса, мамлакат ривожланган ҳисобланар экан. Бу даражага етиб, ривожланган давлатга айланиш, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиш учун барча соҳаларда туб янгиланишга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтиш кераклигини Президентмиз ҳам Парламентга тақдим этган Мурожаатномасида таъкидлаб ўтдилар.

Бу йил юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили деб номланди. Юртбошимиз йил номини таклиф қилганларида, фаол тадбиркорлик тушунчасига тўхталиб ўтди. Фаол тадбиркорлик дейилганда, кенгроқ фаолият тушунилиши лозимлиги, энди давр тақозосига кўра инновацион, илғор технологик усуллар бу соҳанинг асосини ташкил қилиши кераклиги ҳақида гапирди. Дарҳақиқат, юртимизга ўз маҳсулотларини дунё бозорига олиб чиқа оладиган, минглаб ишсизларни иш билан таъминлаб, давлат иқтисодини юксалтиришга ҳисса қўшадиган фаол тадбиркорлар керак. Муҳтарам Президентимиз “Бундай тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт” дея уларга ҳар томонлама имкониятлар яратилишини таъкидлаб ўтдилар.

– Юртбошимиз айтганларидек, тадбиркор рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, янги иш ўринларини яратиб, фақат оиласига эмас, балки жамиятга ҳам катта фойда, даромад келтира олиши керак, – дейди туман иқтисодиёт ва ҳудудни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи Рашид Салаев. – Фаол тадбиркорлар сафи кўпайса, иқтисодий ривожланиш янада ортади. Бу йилги туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган Давлат дастурига мувофиқ, қатор лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланмоқда. Бу орқали янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш, сифатли, экспортбоп маҳсулотларни тайёрлашни йўлга қўйиш кўзланмоқда. Олдин “Амударё пахта тозалаш” ҳиссадорлик жамиятига тегишли бўлган эски бино ва иншоотлар негизида кичик саноат зонасини ташкил қилиш мақсад қилинмоқда. Тайёр бинолар тадбиркорларга инновацион ғоялар асосида янги йўналишлар ташкил этиш, инвестиция киритиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш шарти билан “ноль” харид қийматида берилиши режалаштирилмоқда.

Туманда тадбиркорликни ривожлантириш ва инновацион ғояларни татбиқ этиш мақсадида йирик лойиҳалар ишлаб чиқилган. Амалга ошириладиган шундай лойиҳалардан бири “Қорақалпоқ каолин” МЧЖ томонидан умумий қиймати 12 млрд. сўмлик каолинни қайта ишлаш цехини ташкил этиб, 60 та янги иш ўрни яратиш, “Amudaryotex” хорижий корхонаси томонидан 22,1 млрд. сўмлик лойиҳа асосида пневма ип калаваси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, 30 та янги иш ўрни ташкил қилиш мўлжалланмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам умумий қиймати 1,54 млрд. сўмлик истироҳат боғини ташкил этиш бўйича ишланган лойиҳани амалга ошириб, 15 янги иш ўрни яратишни тумандаги “Қўшаев Раим” хусусий корхонаси ўз зиммасига олган.

Бу лойиҳалар туман иқтисодини юксалтириб, аҳоли турмуш даражасини кўтаришда муҳим аҳамият касб этганлиги боис, уларни амалга оширишда янгича ёндашув, янги услубларни жорий этишни танлаш керак. Изланиш, янги йўналиш яратиш орқали дунё бозорига чиқишга эришиш, эскича фаолиятдан воз кечиш бугунги кун ва давр талабидир.

Бугун инновация ҳар бир соҳа учун муҳим. Фаол тадбиркорлик ҳам ҳар бир соҳада амалга оширилиши керак. Қўл меҳнатидан кўра, ақлий меҳнатнинг кўпроқ самара беришини англаб етиб, илғор ғоялар ҳаётга татбиқ этилса, ривожланиш юксалади. Демак, инновациялар ҳаётни янада фаровонлаштириб, иқтисодиётимизнинг юксалишига хизмат қилади.

Озода ХУДОЙБЕРГАНОВА.