Амударёда миллатлараро тотувлик мавзусида тадбир ва сумалак сайли ўтказилди

Туман янгиликлари

Мавзуга оид фотолавҳалар:

Амударёда сумалак сайли ўтказилди

Миллатлараро тотувлик мавзусида тадбир ўтказилди

Сумалак! У ҳақда гапириб адо этолмаймиз. Кўзларни яшнатиб, кўнгилларни гупиртириб юборгувчи қудрат бор бу сўзда! “Ҳут”нинг изғиринларини писанд қилмай, ҳали она замин уйғонмай, абри найсонни кўрмаёқ Аму элимнинг кайвони момолари бир-бирларини чорлаб қолишларида ажиб ҳикмат бор-ай! Бу ҳикматнинг моҳияти – меҳр, мазмуни – одамийлик, тотувлик, оқибат, ҳурмат ва эъзоз-эътибор. Бу – неча минг йиллар силсиласида мазмунан бойиган, шаклан такомиллашган буюк маънавий мерос – ўлмас қадрият. Шунинг учун ҳам ҳар йили баҳорнинг илк кунлариданоқ халқимиз дилида ажиб бир самимият чўғи алангланади: “Сумалакка, қўшнилар!”.

Ана, кўрдингизми, қўшни-қўшнини, қўшнилар жам бўлишиб, аҳли маҳаллани чорлашади. Самимият чўғи тафти эл-юртни бирлаштиради! Ўртада меҳр ҳоким, тотувлик, оқибат ҳоким, ҳурмат ва эътибор-эъзоз кўнгилларни ўстиради.

Она юрт кенгликларига Сумалакнинг ҳушбўй ҳиди таралади. Қиз-у келинчаклар кўпни кўрган момолар қабатига киришиб, қозонлар бошида ҳалак. Бири туркман, бири ўзбек, яна бирлари қозоқ, рус, қорақалпоқ, татар, бошқирд, ... ва яна бирлари озарбайжон миллатига мансуб онажонлар қадим қўшиқларни, ўлан-у лапарларни куйлашиб-куйлашиб қозон ковлашади. Кавокиб  бўстони аро жимирлашган юлдузлар, бошлари узра кумуш нур элаётган ой ботиб, тонг отгунча самимият чўғи ловуллайди ўчоқларда.

Туман маданият бўлими офиси ҳамда 1-сонли маданият ва ахоли дам олиш маркази биноси олдига қозон-у ўчоқлар қурилди. “Офарин” халқ этнаграфик-фольклор ансамбли раҳбари Pенат Сафарбаев ҳамкасбларини Сумалакка чорлади:

Туман маданият бўлими мудири Шуҳрат Юсупов ва Pенатжон Сафарбаев, Насибахон Эшчановалар раҳбарлигида бошланган иш хайрли кечди. “Қангли” овуллик Санамжон эна Худойберганова шу куниёқ буғдойни тозалаб, сувгв солди. Санамжон энага “Чойкўл” дан Pаҳимажон Худойберганова кўмакчи бўлди.

Даҳсар қозон тагига олов қалаган, ўтин ёрган йигитлар, кели туйган қиз-у келинчаклар кайфияти кундай чарақлади. Санамжон эна буғдой ширасига тўлган қозонга ун чайди, ўзаро аҳилликни қарангки, Холимбег овуллик Аноргул эже Генжеева, “Бой овул” МФЙ маслаҳатчиси Фотимаҳон Дўсимбетова, Ойбек номли МФЙ маслаҳатчиси Моможон Pаҳимова, Мунаввархон Солиевалар бири олиб, бири қўйиб лапарлар, ривояту ўланлар айтишни бошлаб юборишди. Айниқса, Аноргул эже Генжееванинг доира жўрлигида куйлаган ашулалари, ўланлари бу ерда хозир бўлган ёшларни тўлқинлантириб юборди:

Кел, ҳо кел, қиз бола-ё,

Боши очиқ бўз бола-ё.

Сирларингни айт менга-ё,

Сенга берай сўз бола-ё.

Сирингни ҳеч сочмайман,

Шартларингдан қочмайман.

Шу ўтинни ёрсанг-о,

Энг гўзалга ёрсан-о!

- “Гурр” кулгу кўтарилди. Ўтин ёриш мусобақасининг ҳаками Жумабой оға Камолов бўз боланинг ўрнига ўзи ўтин ёриб, оловга қалади. Аноргул эженинг чилдирмаси жарангги авжланди. Тумандаги 4-сонли МТМнинг жажжи раққосалари билан “Баркамол авлод” болалар марказининг “Шўҳ болалар” гуруҳи даврани қизитишди. Яна ўлан-у лапарлар, Санамжон эна Худойберганованинг бири-биридан қизиқарли ривоятларидан маъно-мазмун уққан қиз-у келинчаклар ишга шўнғишди.

Ойбек номли МФЙ котибаси Мунавварҳон Солиева билан Фотимаҳон Дўсимбетова, Pаҳимаҳон Худойбергановалар бири-биридан қолишмай, навбатма-навбат кели сопини тутишганаларидан илҳомланган Аноргул эженинг чилдирмаси янада қаттиқроқ жаранг сочди. Чилдирма жарангига монанд ажиб халқона ўлан барчани ўзига ром этиб, ўйин давраси авж олди:

Қани-қани гул, малак,

Сенга ошиқми фалак!

Ўйнаб-ўйнаб кўнглинг ёз,

Бугун сайли-сумалак!

Само тоқидаги чароғон ой-у юлдузлар шуъласида тобора ранги очилишиб бораётган сумалакнинг қайнашига монанд диллар жўшиб, бармоқларини қарсиллатиб ўйин қурганлар даврасига 38-сонли мактабнинг “Тасанно” гуруҳи ёш ҳаваскор-санъаткорлари қўшилишди. Хушовоз ҳонанда Шаҳноза Матсофаева куйлаган қўшиқлар кўнгилларга пайваста бўлди. Ўйин-кулгу, айтишув ва лапарлар, ниҳоятда самимий ҳазиллар ҳоким бу даврага ҳамма қўшилди гўё.

Ажойиб! Ҳеч ким бир-бировга “кел-ей”, дегани йўқ. Сен уни қил, сен буни қил, деган буйруқлар бўлмади. Фақат туман маданият ишлари бўлими мудири Шуҳрат Юсупов, “Офарин” халқ этнографик-фольклор ансамбли раҳбари Pенат Сафарбаев ва Насибахон Эшчановалар орзу қилишди:

- Би-ир сумалак қилсак, биз қурган ўчоғ-у қозон атрофига туманимизнинг тўрт томонидан яхшилар етиб келишса!

Ажойиб! Жуда ажойиб! Бу шунчаки орзу бўлмади, балки эзгу ниятнинг эл-юртга йўлдош бўлиб, маънавий қадрятларнинг, халқона тутумларнинг янада юксалганидан далолат бўлди!

Қаранг-а, хали даҳсар қозонимиз тагидаги олов ўчмай бурун, бу ажиб сумалак тадбирига яна бир гўзал анъана уланиб кетди. Назаримда шу куни Аму замини ўндан ортиқ миллатлар учун чинаккам чароғон кошонага айланди.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз!”

Ҳудди шундай бўлди: туман маданият бўлими марказий маданият саройи 12 март тонгиданоқ байрам тусини олди. Кечагина даҳсар қозон ўрнатиб, туманимизнинг тўрт томонидан яҳшиларни, сумалакка  чорлаган Аму элининг азиз ва меҳмондўст халқи учун бу кун миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат  тантанасига айланди.

Наврўз байрами арафасида бу қутлуғ кошонада Халқаро дўстлик куни муносабати билан “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида бўлиб ўтган маъданий-маърифий тадбир халқимизнинг асрлардан-асрларга ўтиб келаётган бобомерос урф-одат ва анъаналарини буюк маънавий мероси ҳамда бетакрор тутумларини ўзида мужассам этганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар аввало туманимизнинг деярли барча ҳудудларида истиқомат қилувчи халқимизнинг гўзал урф-одат, анъана ва маросимлари, шунингдек халқ ҳунармандчилигининг фақат Аму элига хос бўлган бетакрор намуналари акс этган кўргазма билан яқиндан танишдилар.

Азим Қиличбой ҳудудидаги “Тош қалъа”, “Хизр эли”, “Юқори қишлоқ”, “Бўз солма” маҳаллалари ҳамда Дўрман овулларининг қўли гул ҳунармандлари, чеварлари томонидан яратилган гул кўрпалар, ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман халқларининг миллий ҳунармандчилик буюмларини кўргазма иштирокчилари катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

- Мана бу гул кўрпалар, чойшабларга ўйилган гул ва нақшлар 100-150 йиллик тарихга эга, - дейди “Тош қала” МФЙ диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслахатчиси Муборак Жуманиёзова.  - Худди мана шундай кўргазмалардан бирида, 2012 йил туманимизда меҳмон бўлиб турган немис миллатига мансуб сайёҳлардан бири оддийгина мунчоқли қопчани 50 АҚШ долларига  олиб кетган.

Қизиқиш ва эътибор билан “тош қалъа”лик  чеварларнинг ҳунармандчилик буюмларини кузатамиз. Бетакрор буюмлар, болалар юмшоқ ўйинчоқлари, кўзларни олгулик гул ва қуроқ кўрпалар. Булар ҳақида “Тош қалъа” МФЙ “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик комиссияси раиси Фотимахон опа Сатторова тўлқинланиб сўзлайдилар:

- Буларнинг барчасини онахонларимиз раҳбарлигида ёшларимиз ясашган!

Кўргазма фойесига қўйилган халқ ҳунармандчилигининг бетакрор намуналарини, бири-биридан мамнун, аҳил ва тотув халқимизни кузатарканмиз, атрофига ёшларни тўплаб, қозоқча шеър-у ўланлар айтаётган оға диққатимизни тортди. “Журегингди иелесин жўлбарс” сатрлари билан бошланувчи қозоқча шеърни хаяжон билан ёддан ўқиётган “Бўз ёп” овуллик Ўразали оға Ермекенов, Манғит шаҳридаги “Фаровон” маҳалласи йигит-қизларининг бири-биридан қолишмай куйлаётган рус ҳалқининг “Частушка” лари, “Дўрман” овуллик Турсуной эже Сатторованинг туркманча “айдим” лари, кўргазмага ажиб тароват баҳш этиб турган ўзбекча, қорақалпоқча лапарлар, ўланлар, баҳшиёна жирловлар азалий оға-ини, қон-қариндош халқимизни бир-бирига боғлаб турган бу узилмас ришталар ҳар биримизга завқ-шавқ бағишлади.

 Кўргазма залидан жой олган “Ўрта қалъа” овулида яшовчи меҳнат фаҳрийси Шавкат оға Чоршамовнинг шаҳсий музей экспонатлари барчанинг диққат ва эътиборини тортди.

- Мен бу тарихий буюмларни бутун умрим бўйи йиғдим, - дейди Шавкат оға.

 – Агар разм солиб қарасангиз, ҳар бир буюм халқимизнинг олис ўтмишидан ҳикоя қилади. Шавкат оға Чоршамовнинг шаҳсий музей экспонатлари 1000 дан зиёд.

- Фақат кичкина бўлса-да, бир бино бўлса-ю, мен бу нарсаларимнинг барчасини туманимиз тарихий музейига топширсам...

Кўргазма баҳона, хақиқатдан ҳам Шавкат Чоршамов томонидан тўпланган экспонатлар учун мўъжазгина бир бино берилишини ва бу тарихий ашёлар халқимизнинг бебаҳо мулкига айланишини биз ҳам истадик.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида халқимизни жамлаган тадбирнинг адабий-бадиий, мусиқий қисми очилиш маросими ҳам ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Унда туманимиз ҳокими Султонбой Йўлдашев тадбир иштирокчиларини яқинлашиб келаётган қутлуғ айём – Наврўзи олам билан самимий табриклади.

- Аслида март– бири-биридан гўзал байрамлар фаслини бошлаб келади, - деди туман ҳокими ўз табрик нутқида. – Наврўз – байрамлар сарваридир. Наврўз – ўзаро меҳр-оқибат, тотувлик ва бағрикенглик анъаналарни ўзида мужассам этгани билан қадрли. Наврўз келиши билан табиатда ўзгариш, деҳқончилик тавқимида жадаллашиш бошланади. Наврўз – яҳши ниятлар, эзгу орзулар элчиси. Ҳамиша аҳил ва тотув халқимизга, барчангизга Наврўзи олам муборак бўлсин!

Аму элимизни қутлагани ташриф буюрган азиз меҳмонлар галма-галдан сўз олишди. Хусусан, Қорақалпоғистон Pеспубликаси қозоқ миллий маданияти маркази раиси Жайжахан Дарменов, Қорақалпоқ Давлат Университети доценти Қайиржон Аралбаев, Мақсад Бабаниязов қозоқ миллатига мансуб “Бўз ёп” овуллик Ўразали Ермекеновлар халқимизнинг асрлар оша қадрланиб келаётган бир-бировга оға-инилик меҳр-муҳаббати, оқибати ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

Туманимизнинг турли худудларида яшаб, меҳнат қилаётган қозоқ, қорақалпоқ, ўзбек туркман каби миллатларга мансуб турли соҳаларнинг фидойиларига туман ҳокимининг ташаккурномалари тақдим этилди.

Қорақалпоғистон Pеспубликаси қозоқ миллий маданияти маркази раиси Жайжахан Дарменов миллатлараро тотувлик, бағрикенглик тамойиллари асосида иш юритгани, туманда яшаётган қозоқ миллатига мансуб кишилар учун намунали ҳаёт, ўқиш ва иш шароитларини яратиб бергани, ягона оила фарзандлари каби аҳиллик муҳитини яратгани учун туманимиз ҳокими С.Йўлдашевга Қорақалпоғистон Pеспубликаси қозоқ миллий маданияти марказининг ташаккурномаси ҳамда Қозоғистон Pеспубликаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг китобини топширган лаҳзаларда маданият саройини гулдурос олқишлар тутди, ҳалқимиз хаяжон билан бир-бирларини муборакбод  этишди.

Миллатлараро тотувлик, дўстлик ва бағрикенглик, меҳр-оқибат тараннуми туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган адабий-бадиий мусиқий дастурга уланиб кетди. Тадбир меҳмонлари – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Мирзагул Сафаева, Қорақалпоғистонда ҳизмат кўрсатган артист Гулнора Мунтиева ижросидаги қорақалпоқ халқ қўшиқлари билан давра кенгдан олиниб, янада файзли бўлди.

***

 Бири-бирини такрорламайдиган тадбирлар бу масканда, туманимизда ҳар куни, ҳар соатда давом этаётир. Туман маданият бўлими томонидан ташкиллаштирилиб, туманимизнинг тўрт томонидан Сумалак сайлига келган онахонлар, қиз-у келинчаклар то “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” адабий-мусиқий кўргазмали тадбир якунига қадар даҳсар қозоннинг оловини ўчирмадилар. Аҳилликдан, тотувлик, меҳр-оқибат ва самимиятдан ранг олган Сумалак етилди!

– Сумалак-ка-а-а!

“Офарин” халқ фольклор-этнографик ансамбли карнай-сурнай, доира садолари билан Аму элини Сумалак тортилган дастурхонлар атрофига чорлади. Аноргул эженинг чилдирмаси карнай-сурнай, доира садоларига ҳамоҳанг жаранг сочди:

Бир ҳовуч буғдойми ул – қозон тўла сумалак,

Момолар тонгга қадар ўчоқ бошида халак.

Омонликнинг рамзи ул– хуштаъм, ширин сумалак,

То омон бўлгай одам, бўлмагай олам ҳалак,

Омон-омон дам бугун кўнгилларнинг  ҳамрози –

Баҳорим, сен фасллар ичра энг сарвинози!

Даҳсар қозонга чўмич урган момолар эл-юртга омонлик, ризқ-рўз тиладилар. Насибахон-у Мунаввар ҳамда Фотимахонлар, Моможон ва Санамжон эналар, Аноргул эжелар меҳри тафтида, самимият чўғида олланиб пишган сумалак бутун аҳли Аму оилаларига татиди! Бу сумалак ҳаммага етди ва ҳар бир хонадонга файз бахш этди. Зотан, Аму элининг ўзи битта оила! Дастурхони, шоҳсупаларга зеб берган атлас кўрпачаси, ҳатто бешиг-у беланчаги битта! Бу тутумнинг мазмун-моҳияти ҳам битта – тотувлик, меҳр-оқибат! Ана шу моҳият мангу, Наврўзи олам муборак, онажон Аму элим!

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

Манба: amunews.uz