Амударёда Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб чигит экиш ишлари бошлаб юборилди

Туман янгиликлари

Мавзуга оид фотогалерея

Ҳар йили баҳор яқинлашиши билан шу йилги ҳосил учун чигит экиш ишларига пухта ҳозирлик кўрилади. Амударё туманида ҳам Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори асосида  туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, шу асосда экишга тайёргарлик кўрилди.

Туманда 2018 йил ҳосил учун 511 фермер хўжаликлари томонидан жами 15 550 гектар майдон чигит экишга  ажратилди. Бу йил 3075 гектар майдонга “С-47-27”  10 800 гектарга “Султон”, 1675 гектарга эса янги “Бухоро-102” ва “Бухоро - 8” навларини экиш режалаштирилди. Мазкур йилда пахтага ажратилган ер майдонларининг 4970 гектарига қўшқатор усулида, 10580 гектарида эса қатор ораси 60 см схемаларида чигит экилади.

Айни пайтда экишга зарур бўлган 1450 тонна уруғлик чигит дориланиб, мавсумга тайёр ҳолатга келтирилди. Янги навлар уруғлиги учун 118 тонна чигит бошқа вилоятдан олиб келиб тайёрланди. Уруғлик чигитларни фермер хўжаликларига етказиб берилишини таъминлаш учун 16 та чигит тарқатиш шохобчалари ташкил этилди. Чигит ивитиш учун 250 та ўра мавсумга тайёр қилиб қўйилди.

Чигит экиш мавсумини уюшқоқолик билан ўз вақтида, сифатли олиб бориш мақсадида тажрибали мутахассисилар, хўжалик фаоллари бошчилигида чигит экиш отрядлари тузилди. Экиш отрядларига зарур техника ва механизмлар бириктирилди. Шунингдек, ҳар бир отрядга кўчма таъмирлаш устаханалари ҳам бириктирилди ва 220 млн. сўмлик эҳтиёт қисмлари заҳираси яратилди.

Чигит экиш учун сарфланадиган уруғлик, ёқилғи, минерал ўғитлар, механизация хизматлари, иш ҳақлари ва бошқа харажатлар учун 15 млрд. 225,8 млн. сўм сарфланиши ҳисоб-китоб қилинган.

Чигит экиш техникалари учун зарур бўладиган 1458 тонна ёқилғи мойлаш материаллари деярли тайёр қилиб қўйилди. Мавсумда иштирок этадиган 211 дона чигит экиш сеялкаларининг ҳар бирига ўртача бир кунда 7-7,5 гектардан ер майдони тўғри келади. Шунингдек, мавжуд 195 дона ҳайдов тракторларининг ҳар бирига кунига ўртача 10-11 гектар майдон тўғри келиб, жами ажратилган ер майдонларидаги ҳайдаш ва экиш ишларини қисқа фурсат ичида тугатиш мўлжалланмоқда.

23 март куни туманнинг Қиличбой овулидаги “Pажабов Омонбой” фермер хўжалигида  ўтказилган кўргазмали  семинар билан чигит экиш ишлари бошлаб берилди. Кўргазмали семинарда туман ҳокими С.Йўлдашев, секторлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари мутасадди раҳбарлари иштирок этдилар.

Бугун ерга қадалган чигитлардан парвариш яхши бўлса, албатта, эртага мўл ҳосил йиғиб оламиз. Мўл ҳосилдан бунёд бўлган хирмонлар давлатимиз  иқтисодиёти юксалишида салмоқли ўрин тутади. Иқтисоди ривожланган юрт аҳли эса фаровон турмуш кечиради.

О.Худойберганова.