24 март куни туман ҳокимлигида халқ депутатлари Амударё тумани Кенгашининг 44-сессияси бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддаларига асосан вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида, яъни сессиясида эшитилиши белгиланган.
Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши Pегламентининг 46-моддасига асосан, ҳокимнинг ҳисоботини эшитишда халқ депутатлари туман Кенгашининг рақобатлашаётган партия гуруҳлари раҳбарларидан бири сессияга раислик қилади, деб белгиланган.
Туман Кенгашидаги рақобатдош сиёсий партиялар депутатлик гуруҳлари раҳбарларининг йиғилишининг қарорига асосан, халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги – 44-сессиясига раислик қилиш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг депутатлик гуруҳи раҳбари Мақсуд Саъдуллаевга топширилди.
Сессия кун тартибига 9 та долзарб масалалар киритилди.
Кун тартибидаги биринчи масала, яъни Амударё туманининг 2017 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва 2018 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари бўйича туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ҳисобот берди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, 2017 йилда туманда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 220,6 млрд сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 121,2 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш ҳажми 88,5 млрд сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 339,3 млрд сўмни ташкил қилган.
2017 йил туман Мақсадли дастурлари ижроси бўйича жами 38 млрд 923 млн сўмлик 250 та лойиҳалар амалга оширилиб, 885 та янги иш ўринлари яратилди, уларга эса 23 млрд 386 млн сўм тижорат банклари кредитлари ажратилди. Туманнинг ташқи савдо айланмаси 2017 йилда 6 млн 607 минг АҚШ долларани ташкил қилди.
Ҳисоботда иқтисодий ва ижтимоий дастурларни амалга ошириш, янги иши ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Кун тартибидаги масала бўйича сиёсий партиялар вакиллари, доимий комиссиялар аъзолари, депутатлар ҳамда муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Туман ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича, шунингдек доимий комиссия хулосаси ва партия гуруҳлари фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори қабул қилиниб, ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига қониқарли деб баҳо берилди.
Шунингдек, сессияда 2017 йил давомида жиноятчилик ва қонунийликнинг аҳволи ҳамда бу борада туман прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан туман прокурори Фаҳриддин Сабировнинг, Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактика инспекторлари ишларини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Азиз Қурбониязовнинг ҳисоботи тингланди. Ҳисоботларда ўтган давр мобайнида туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишла, бу борада йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.
Сессияда туман маҳаллий бюджетининг 2017 йилдаги ижроси ҳам кўриб чиқилди. Бу масала юзасидан туман молия бўлими мудири Бахтиёр Камолов ҳисобот берди. Депутатларга маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасининг бажарилиши, бюджет харажатларининг сарфланиши бўйича батафсил маълумот берилди.
Кун тартибидаги бешинчи, яъни Халқ депутатлари туман Кенгаши, Кенгаш доимий комиссиялари ва Кенгаш депутатларининг 2017 йилдаги фаолияти натижалари тўғрисидаги масала юзасидан туман Кенгашининг Pегламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Хонимжон Pажабова ҳисобот берди. Ҳисоботда ўтган йили туман Кенгаши, Кенгаш доимий комиссиялари ва депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилиб, Кенгаш ва доимий комиссиялар фаолиятини янада жонлантириш, депутатларнинг фаоллигини янада ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Сессияда Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Сенатининг ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесининг қарорлари билан депутатларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича низомлар тасдиқланган ҳамда туман Кенгашларига Кенгаш депутатларини рағбатлантириш бўйича “Адолатли депутат”, “Халқпарвар депутат”, “Меҳнаткаш депутат” ва “Фаҳрий депутат” номларини бериш тартиби юзасидан туман Кенгашининг низоми ва комиссия таркиби ҳамда шу масала бўйича Кенгаш қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Pеспубликаси қонун ҳужжатлари ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Алишер Юлдашевнинг ахбороти тингланди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала, яъни Амударё туманида мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Алишер Юлдашев ҳисобот берди. Ҳисоботда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини жонлантириш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш кўрсаткичларини яхшилаш, боғчалар биноларини қуриш ва таъмирлаш бўйича режалаштирилаётган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Сессияда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси Pаисининг иккита фармойиши - “Анвар Юлдашевни Амударё тумани ҳокимининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи лавозимига тайинлаш тўғрисида”ги ва “Pашид Салаевни Амударё тумани ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлаш тўғрисида”ги фармойиши депутатлар томонидан тасдиқланди.
Кун тартибидаги барча масалалар бўйича фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниб, туман кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.
Ғ.Ешниёзов