Шу йилнинг 10-11 апрель кунлари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик Партияси туман Кенгашининг “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан тумандаги Қиличбой, Хитой ва Чордара овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида «Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар!» шиори остида ёшлар акцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик Партиясидан сайланган туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши етакчилари иштирокида ўтказилган ёшлар акциясида дастлаб, Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари ва ўқувчилари томонидан Қиличбой овули ҳудудидаги иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган монументал ёдгорлик атрофида тозалаш ишлари олиб борилди.
Мазкур акция Хитой овулида ҳудудида жойлашган иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган монументал ёдгорликда ҳам давом эттирилди. Акцияда Амударё транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг ўқувчи ёшлари томонидан ёдгорлик атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, гуллар ва 35 турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ёшлар акцияси туман марказидаги Чордара маҳалласи ҳудудида жойлашган хотира майдончасида ҳам ўтказилди. Ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ўқувчи ёшлар ёдгорлик атрофида тозалаш ишларини олиб бориш билан бир қаторда ободонлаштириш ишларига ҳам кўмаклашдилар. Бу каби тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг Ватанга муҳаббат, она юртга садоқат, юртнинг эртасига дахлдорлик туйғулари билан улғайишига, тинчлик-осойишталикни қадрлаб яшашга ундайди.