Хотира ва қадрлаш куни байрами кенг нишонланди

Туман янгиликлари

9 май куни Манғит шаҳридаги Хотира боғида 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳокимлик бўлимлари, муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, депутатлар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Байрам тадбирини туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Темирбоев кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Туманимиз ҳокими С.Йўлдошев сўзга чиқиб, йиғилганларни Хотира ва қадрлаш куни байрами, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан қизғин табриклади.

Туман ҳокими ўз сўзида давлатимиз раҳбари томонидан уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, нуронийлар учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар ифодасини топган.

Тумандаги таълим муассасалари томонидан уруш йилларининг қайғули воқеалари, ғалабанинг қувончли онлари акс эттирилган саҳна кўриниши намойиш қилинди. Маданият бўлими хонандалари ижро этган она Ватан, тинчлик ва дўстлик тараннум қилинган куй-қўшиқлар йиғилганлар қалбига олам-олам қувонч бахш этди.

Уруш ва меҳнат фахрийси Йўлдош бобо Файзуллаев барча йиғилганларни ва қуролдош дўстларини Ғалабанинг 73 йиллиги билан табриклади.

Тадбир давомида 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган спорт мусобақаларининг ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Хотира боғидаги мангу ёниқ олов ёдгорлиги шу куни гулчамбарлар билан тўлди. Байрам муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш тадбирлари туманнинг барча овул ва маҳаллаларида давом этмоқда.

Ғ.Ешниёзов