КУЮК КЎПИP ОВУЛИДА ХАЛҚ КУТУБХОНАСИ ИШ БОШЛАДИ (+видео)

Туман янгиликлари

Аҳолини, айниқса, ёшларни китоб ўқишга кенг жалб қилиш, мутолаа маданиятини ошириш бугунги кунда давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Чунки китоб мутолааси ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиради, зеҳнини ўстиради, ўз келажагини тўғри белгилай олишига ёрдам беради, ҳар қандай маънавий таҳдидлардан асрайди.

Ёшлар орасида китобхонлик оммавийлиги ошишига ҳисса қўшиш мақсадида Амударё телевидениеси таҳририяти амалга ошираётган “Одобли бола – эл кўрки” деб номланган грант лойиҳаси режасида Куюк кўпир ОФЙ маҳалла гузарида кутубхона ташкил қилиш режалаштирилган эди.

Шу йилнинг 14 май куни режага мувофиқ ушбу ОФЙда кутубхона ишга туширилиши байрам тусини олди. Тадбирга ОФЙ масъул ходимлари, овул нуронийлари, ўқитувчилар, ўқувчилар ташриф буюришди. Ихчам, замонавий услубда  таъмирланган мўъжаз хонада жавонларга тахланган 1000 га яқин нусхадаги бадиий китоблар овулнинг катта-ю кичигини чексиз қувонтирди. Кутубхонага “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти ва “Жайхун илҳомлари” ННТ томонидан ҳам китоблар совға қилинди.

Халқ кутубхонаси дея номланган зиё масканининг очилиш маросимида туман ҳокими С.Йўлдошев иштирок этди ва овул аҳолисини қизғин қутлади. Туман ҳокими кутубхонанинг китоб фондини янада бойитишга ҳокимлик ёрдам беришини, шу йил ёзги таътил пайтида овулдаги 19-сонли мактабнинг 2 нафар китобхон ёшлари ҳомийлар ёрдами билан Тошкент шаҳридаги китоб дўконлари ва нашриётларга юборилишини маълум қилди. Улар мактаб ўқувчилари ва овул ёшлари буюртма қилган энг сара китобларни танлаб, кутубхонага олиб келадилар.

Овул имоми Ҳабибулло Эшимбетов, таълим фахрийси Марям Нурекешовалар кутубхона овул ёшларининг камолига хизмат қилишини тилаб дуо қилдилар. Туманимиз ҳокими нуронийлар иштирокида рамзий тасмани қирқиб, кутубхонани очиб берди.

Халқ кутубхонаси фаолиятини ОФЙ раисининг жамоатчилик асосида ишловчи кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Қурбонбой Собуров юритади. “Тараққиёт кўзгуси” таҳририяти томонидан кутубхонага замонавий компьютер совға қилинди.

Кутубхона овул ёшларининг маънавиятини юксалтиришга, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига ва ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.

О.PАЖАБОВА.

Манба: amunews.uz