Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, туман ҳокимлигига келиб тушаётган мурожаатларни таҳлилий ўрганиш ва уларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, мурожаатларда кўрсатилган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида 2018 йил 12 май куни туман ҳокими Султонбой Йўлдошев туманнинг “Чойкўл” овули ва “Босув” маҳалласи фуқаролари билан учрашиб, сайёр қабул ўтказди. Учрашувда шунингдек бошқа секторлар раҳбарлари – туман прокурори, ИИБ ва ДСИ бошлиқлари, туман ҳокими ўринбосарлари, масъул ходимлар, таркибий бўлимлар ҳамда ташкилотлар ва тижорат банклари раҳбарлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этдилар.
Сайёр қабулда мазкур овул ва маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи фуқароларнинг турмуш тарзини янада яхшилаш ҳамда ҳудуддаги ишбилармонлик ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига оид камчиликлар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш юзасидан сайёр қабулга ёзилган фуқаролар қабул қилинди ҳамда аниқланган камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар атрофлича ўрганиб чиқилди.
Хусусан, “Чойкўл” овулида истиқомат қилувчи фуқаро Шукурилло Маткаримов ва бир гуруҳ фуқароларнинг “Чорвадор” аҳоли пунктида мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш ҳақидаги, Муқаддас Сапаеванинг томорқа ерларини оқар сув билан таъминлаш, кўчаларга тош ётқизиш, мактабгача таълим муассасаси қуриш, Шаҳноза Енабоеванинг 22-сонли мактаб гузар йўл бўйига яқинлиги сабабли ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Манғит-Қипчоқ йўлида автотранспорт воситаларининг юқори ҳаракатланиш тезлигини чеклаш ҳақидаги, шунингдек, фуқаролар Жаҳонгир Нуримбетов ва бошқаларнинг “Юқори тулуға” ва “Халқа йўли” атрофидаги аҳоли пунктида яшовчи оилаларнинг фарзандлари 76-сонли мактабга хавфсиз бориб-келиш учун пиёдалар йўлакчаси қуриш бўйича, Соатбой Мадраҳимовнинг “Манғит чорва моллари” бозоридан “Босув” МФЙ марказигача пиёдалар йўлакчаси қуриш бўйича таклифлари атрофлича ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилиши, имкони борича муаммолар фуқаролар фойдасига ижобий ҳал қилиниши тушунтирилди.
Бундан ташқари фуқаро Ўринбой Бозорбоевнинг “Босув” маҳалласида аҳоли сонининг кескин ўсиши сабабли электр энергияси таъминотида узилишлар бўлаётгани ва ушбу маҳалла аҳолиси учун янги трансфарматор ўрнатиш ҳақидаги, турар жой мазелари кўчаларига тош ётқизиш хусусидаги мурожаатлари назоратга олиниб, мурожаат эгасига яқин кунлар ичида масалага масъуллар томонидан маълум қилиниши қайд этилди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар Гулмирза Арзаков, Давлатбой Қорабоев, Наргиза Бекмуратова, Саъдулла Атаков, Собир Камолов, Гулмирза Авезниёзов, Гуласал Камолова, Гулондон Қурбонова, Арзайим Ўтегенов, Норжон Хонова, Меҳрибон Қурбонбоева, Зарифбой Матназаров, Жамол Яримбетов ва Саъдулла Тўраевларнинг мурожаатлари ҳам тингланди ҳамда сайёр қабул орқали мурожаат қилувчиларнинг ариза ва таклифлари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг, натижалари мурожаат эгаларига маълум қилиниши таъкидланди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.