8 сентябрь куни Амударё туманининг “Оқ олтин” овулидаги “Амударё пахта тозалаш” АЖда 2018 йилги пахта йиғим-терими мавсумининг бошланишига бағишланган йиғилиш бўлиб, унда тумандаги муқобил машина трактор парклари раислари ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этдилар.
Йиғилишда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев сўзга чиқиб, барчани 2018 йилги пахта-йиғим терими мавсумининг бошланиши билан табриклади ва йиллик шартномавий режаларни бажаришда муваффақиятлар тилади.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев туманимиз фермер хўжаликларининг бу йилгидек оғир об-ҳаво шароитида ҳам мўл пахта ҳосили етиштирганликларини алоҳида таъкидлади.
– Бизнинг эндиги вазифамиз – машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирган пахта ҳосилимизни нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиб, давлат хазинасига топширишдан ва 32000 тонналик шартномавий режамизни кечиктирмай бажаришимиздан иборат. Йиғим-терим жараёнида пудратчилар ва ҳашарчилар меҳнатига ўз вақтида ҳақ тўлаш катта аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам бу ишда лоқайдликка йўл қўймаслигимиз лозим – деди туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ўз сўзида.
Йиғилиш якунига етгач, “Камол бригад” ва “Юсуфхўжа” фермер хўаликлари биринчилардан бўлиб, давлат хирмонига пахта топширишни бошладилар. Пахта топширишни бошлаб берган бу фермер хўжаликлари раҳбарларига қимматбаҳо совғалар топширилди.