Президентимиз Ш.Мирзиеёв 2017 йил 13 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида мамлакатимизда юксак малакали депутатлар корпусини шакллантириш борасидаги ишлар ҳақида гапирар экан, бу борада бир таклиф берган эди. Яъни, Олий Мажлис Сенати ҳар йилнинг якуни бўйича аниқ мезонлар асосида мамлакатимиз бўйича халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари орасидан 14 та, Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллик органлари ўртасидан эса 1 та намунали кенгашни аниқлаб, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш ва рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиши таклиф қилинган эди.
Шунга асосан Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Pеспубликаси халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари фаолияти ўрганилиб, бир қатор кўрсаткичларни ўз ичига олган мезон асосида уларнинг фаолияти баҳоланди.
Комиссиянинг 2018 йил 6 декабрдаги қарорига кўра халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши Қорақалпоғистон Pеспубликасидаги йилнинг энг намунали Кенгаши мақомига сазовор бўлди.
Суратда: Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Сарвар Отамуратов туман ҳокими С.Йўлдашевни қутламоқда
Бу ҳақдаги сертификатини 14 декабрь куни бўлиб ўтган туман Кенгаши сессиясида Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси Pаисининг ўринбосари Атаджан Хамраев халқ депутатлари Амударё тумани Кенгаши раиси Султонбой Йўлдошевга тантанали равишда топширди.
Президентимиз ўтган йили Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади”. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши йилнинг энг намунали Кенгаши деб топилиши нафақат туман раҳбарияти ва депутатлар, ҳокимлик масъулларининг фидокорона хизматлари натижаси, балки туманимиз равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётган ҳар бир юртдошимизнинг меҳнатлари эътирофидир.
Фурсатдан фойдаланиб, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши раиси ва барча депутатларни, туман ҳокимлиги масъулларини ушбу юксак мақом билан муборакбод этамиз!
Ғ.Ешниёзов