Ҳурматли тадбиркорлар!
Ҳаммангизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қатор амалий ишлар қилинди. Кичик ва ўрта бизнес ривожи йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш, тадбиркорларга қулайлик ва шароитлар яратиш мақсадида янги Қонунлар, Фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Яқиндагина, 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” ғоясини илгари сурди.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”.
Амударё туманида ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг самрали фаолият юритишлари учун шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Биргина Президентимизнинг ўтган йили Қорақалпоғистон Pеспубликасига қилган ташрифи давомида берган топшириқлари бўйича олиб борилаётган ишлар натижасинида туманимизда 136 млрд. сўмдан ортиқ, жумладан салкам 10 млн. долларлик хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан 65 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. 1 ноябрь ҳолатига уларнинг 52 таси ишга туширилди, қолган лойиҳалар бўйича ҳам ишлар давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, 2020-2021 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари доирасида қиймати салкам 200 млрд. сўм, шу жумладан 3,5 млн. долларлик хорижий кредит линиялари ҳисобидан 78 та лойиҳалар амалга оширилиши ва 765 та янги иш ўринлари яратилиши мўлжалланган.
Биз нима учун тадбиркорларни қўллаб-қувватлашимиз керак?
Сабаби, туманимизда иш билан банд аҳолининг 54 фоизи, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 100 фоизи, кўрсатилаётган хизматларнинг 100 фоизи тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кунда туман бўйича 1078 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда.
Биргина 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида туман бўйича жами 1326 та янги иш ўринлари яратилган бўлса, уларнинг 1273 таси, ёки 96 фоизи тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади.
Яна бир марта таъкидламоқчиманки, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, ёки ўз фаолиятини бошлаш ниятида бўлган ташаббускорлар учун барча масалалар бўйича кўмакдош бўламиз ва юзага келадиган ҳар қандай муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрмиз.
Чунки биз масъуллар учун кун тартибидаги устувор масала – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдир.
Азиз тадбиркорлар!
Сиз учун эшикларимиз ҳамиша очиқ.
Сизнинг ҳар бир лойиҳангиз шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиз бўлади.
Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли туманда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади. Шундай экан, бор куч ва ғайратингизни ўз фаолиятингизни янада кенгайтириб, бизнесингизни ривожлантиришга қаратинг. Бу йўлда биз Сизга энг яқин ёрдамчи, энг ишончли кафил бўламиз!