САЙЛОВ УЧАСТКАЛАPИДА ТАЙЁPГАPЛИК ЖАPАЁНИ ҚАНДАЙ?

Туман янгиликлари

Жорий йилнинг 20 сентябрида бошланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови кампанияси айни кунларга келиб қизғин паллага кирди.

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда фаолият юритаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари сайловини ўтказувчи сайлов участкалари тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилди.

Сайловларни қонун талаблари асосида, намунали тарзда ташкил этиш юзасидан 50-сонли мактабда жойлашган 121-сонли участка сайлов комиссияси аъзолари ҳам қатор ишларни амалга оширди.

Сайлов бўлиб ўтадиган жой ва участка сайлов комиссияси аъзолари учун ажратилган хоналар сайлов қонунчилигига доир кўргазмали қуроллар, инвентарлар билан таъминланди. Комиссия аъзолари кампания бошланганидан бери уйма-уй юриб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бир қаторда сайловчиларнинг электрон рўйхатига аниқлик киритишди.

Айни кунда сайлов участкасига ташриф буюрган одам сайловга доир барча ахборотлар, шунингдек, ҳудуддан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодлар ҳақида керакли маълумотларга эга бўлиш имкониятига эга.

– Илк бор янги Кодексга асосан ўтказиладиган сайловга сайловчилар фаол муносабат билдиришмоқда. Улар сайловда ўзларининг муносиб деб билган номзодларига овоз беришни фуқаролик бурчи эканини теран ҳис қилишмоқда. Бунга маълум сабабларга кўра 22 декабрь куни яшаш манзилида бўла олмаслигини айтиб, муддатидан олдин овоз бериш учун участка сайлов комиссиясига мурожаат қилаётган одамлар билан суҳбатлашиш жараёнида амин бўлиш мумкин, – дейди 121-сонли участка сайлов комиссияси раиси Алишер Эшниёзов.

Айтиш жоизки, мазкур сайлов участкасида 5 нафардан ортиқ сайловчи сайлов кунида яшаш жойида бўла олмаслиги сабабли муддатидан олдин овоз беришган. Бу фуқароларнинг сайлов қонунчилигидаги янгиликлардан хабардор қилингани, сайловлар доир тарғибот-ташвиқот ишлари яхши олиб борилгани самарасидир.

***

86-сонли мактабда жойлашган 118-сайлов участкасида 2770 нафар сайловлар 22 декабрь куни ўзлари танлаган энг муносиб номзодларга овоз берадилар. Айни кунгача сайловни қонунчилигимизга амал қилинган ҳолда, демократик тамойиллар асосида ўтказиш учун барча чора-тадбирлар амалга оширилган. Сайлов участкасида мунтазам навбатчиликлар ташкил этилган бўлиб, ўзларини қизиқтирган сайловга оид саволларига жавоб олиш учун келган фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилади. Сайлов участкаси сайлов жараёнини бошлаш учун тахт ҳолга келтирилди.

Шунинг учун ҳам бири хизмат сафарига, яна бири маълум сабабга кўра хорижий давлатга кетаётган фуқаролар муддатидан олдин ўз номзодларига овоз беришида ҳеч бир муаммога дуч келишмади.

Сайлов участкасида 22 декабрь куни овоз бериш жараёнини тартибли ва намунали ташкил этишнинг барча чоралари кўрилмоқда.

О.PАЖАБОВА.