2019 йил 17 декабрь куни туман ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 76-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни туман ҳокими Султонбой Йўлдашев очди ва олиб борди. Сессия ишида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, бўлимлар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сессия котиблигига 8-Бўстон сайлов округидан туман Кенгаши депутати Халмурат Ўразаков сайланди.
Сессия кун тартибига туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва туман Кенгашининг фаолиятига доир жами 5 та масала киритилди.
Кун тартибидаги биринчи, яъни “Амударё тумани маҳаллий бюджетининг 2020 йилги асосий кўрсаткичлари тўғрисида”ги масала юзасидан туман молия бўлими мудири Улуғбек Бекниязов ахборот берди.
Таъкидланганидек, 2020 йилда Амударё туманининг маҳаллий бюджети даромадлари 98 млрд 544 млн сўм, харажатлари эса 129 млрд 827 минг сўмга прогноз қилинган. Юқори бюджетдан ажратилиши кўзда тутилган маблағлар миқдори 31 млрд 824 млн сўмни ташкил қилади. Солиқлар бўйича тушумлар 2020 йилда 44 млрд 567 млн сўмни ташкил қилиши прогноз қилинган.
Туман маҳаллий бюджетининг асосий қисми таълим ва тиббиёт соҳасига, қолаверса, маданият ва спорт соҳаси, ижтимоий нафақалар, ободонлаштириш ишлари, қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хокимият, давлат бошқаруви органларининг туман бўлинмаларини сақлаш учун йўналтирилади.
Кун тартибидаги навбатдаги – “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид туман дастурининг ижроси тўғрисида”ги масала юзасидан туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Маъмуржон Темирбоев ҳисобот берди.
Ҳисоботда туман дастури доирасида иқтисодиётни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини ташкил қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва бошқа соҳалар бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.
Сессияда жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳволи тўғрисида туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Нурбек Камолов ҳисобот берди.
Ҳисоботда жрий йилнинг шу кунигача барча йуналишлар буйича туман ҳудудида 70 та жиноят қайд қилинган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан умумий жиноятлар сони 25 тага камайгани айтиб ўтилди.
Ҳисоботда шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш, овул ва маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида профилактик тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида кенг турда тўхталиб ўтилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала – туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминланишини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Алишер Юлдашев ахборот берди.
Ахборотда қайд қилинганидек, Амударё туманида 2019 йилнинг 11 ойи давомида 6 минг 107 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси томонидан бепул рецепт, ижтимоий ёрдам ҳисобидан 186 млн. 86 минг сўм миқдорида дори-дармон воситалари билан таъминланган. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг кардиология хонасида диспансер назоратига олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган беморларга жами 4 млн. 577 минг сўм миқдоридаги 7 хил турдаги дори-дармонлар ажратиб берилган. Ушбу масала юзасидан қилинган ахборотда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш борасидаги бошқа муҳим масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Йил сўнггида бўлиб ўтган мазкур сессияда туман Кенгаши депутатларининг фаолиятига ҳам баҳо берилди. Юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, илмий, маънавий салоҳиятини ошириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш, жамиятимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, ёшларимизни ватанпарварлик ва миллий истиқлол ғояларига содиқлик руҳида тарбиялашда алоҳида ютуқларга эришган фаол депутатлар рағбатлантирилди. Махсус комиссия томонидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари орасидан 17-Бўзёп сайлов округидан депутат Гуласал Матякубова “Адолатли депутат” номига, 22-Жумуртов сайлов округидан депутат Бахрам Шерманов “Халқпарвар депутат” номига ҳамда 10-Тошёп сайлов округидан депутат Муқаддас Бекназарова “Меҳнаткаш депутат” номига муносиб деб топилди. Уларга туман ҳокими томонидан махсус сертификатлар топширилди. Шунингдек, сессияда мазкур чақириқ давомида фаол иш олиб борган депутатларга ҳам ташаккурномалар топширилди.
Кун тартибидаги барча масалалар бўйича халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди ва шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.
Чарос АPСЛОНОВА, туман ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари.