Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Туманимизда ҳам бу борада салмоқли ишлар қилинмоқда. 8 январь куни туман ҳокимлиги мажлислар залида туман Хотин-қизлар қўмитасининг 2019 йилда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова очди ва олиб борди. Йиғилишда ҳамкор ташкилотлар – туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, туман бандликка кўмаклашиш маркази, Оила маркази, туман тиббиёт бирлашмаси билан биргаликда 2019 йил якунлари сарҳисоб қилинди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг “Ўзбекистон Pеспубликасини янада ривожлантириш бўйича Харакатлар стратегияси тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни кўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган муносабатни янада янги босқичга кўтарди.
Йиғилишда кун тартибидаги қатор масалалар юзасидан мутасаддилар сўзга чиқиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, Оила институтини мустаҳкамлашда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари билан ўзаро ҳамкорлик юзасидан мазкур бўлим мудираси Санобар Холбоева, Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида бандликка кўмаклашиш маркази директори Алишер Собировлар сўзга чиқиб, ахборот бериб ўтди.
Шунингдек, оилавий ажримларнинг олдини олишда Оила маркази билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар юзасидан Оила маркази туман бўлими раҳбари Гулшод Юсупова, репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида туман тиббиёт бирлашмаси бош гинекологи Муҳаббат Юсуповалар сўзга чиқдилар.
Ахборотларда таъкидланганидек, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, турли ёрдамлар кўрсатилди. “Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” томонидан ногиронлиги бўлган 15 нафар хотин-қизларга ногиронлик аравачалари, 15 нафарига эшитиш мосламаси, 15 нафарига ҳасса ва қўлтиқтаёқлар берилди, 42 нафарининг бандлиги таъминланди ҳамда 6 нафарига Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан уй-жой суммасининг 10 фоизи бошланғич бадаллари тўлаб берилди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш мақсадида 17 нафарига Хотин-қизлар қўмитаси тавсияси асосида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар берилди.
Ижтимоий фаол хотин-қизларнинг рўйхати маҳаллалар ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар кесимида шакллантирилди ҳамда фаол хотин-қизлар тўғрисида маълумотлар базаси яратилди. Сиёсий партияларнинг аъзолари орасида хотин-қизларнинг улушини оширилиб, уларнинг кўпчилиги 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда депутатликка номзод сифатида фаол иштирок этдилар. Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил қилган бўлса, сайловлар натижасида 9 нафар аёл-қизлар халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати қилиб сайланди.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг ўз билим ва профессионал малакасини, салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқаришлари учун уларни иш билан таъминлаш, касаначилик, оилавий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун янги имкониятларни яратиб бериш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Йиғилишда туман Хотин-қизлар қўмитасининг 2019 йилга мўлжалланган иш режаси ҳамда Ўзбекистон Pеспубликаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши раиси томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Шунингдек, тадбир давомида жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиб, энг яхши натижаларга эришган, самарали меҳнати билан юртимиз равнақига ҳисса қўшиб келаётган туманимизнинг фаол хотин-қизлари туман Хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари