PЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУPУҲИ АЪЗОЛАPИ АМУДАPЁЛИК ЁШЛАP БИЛАН УЧPАШДИ

Туман янгиликлари

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларнинг ўз иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқаришлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиш, уларни турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Бу борада эришилган натижаларни таҳлил қилиш, ёшларнинг бугунги фаолияти ва қизиқишлари билан яқиндан танишиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш мақсадида Pеспублика ишчи гуруҳи 16 январь куни Амударё туманида бўлди.

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини тумандаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида фаол ёшлар билан учрашувдан бошлади. 

Учрашувда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усманов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши Pаиси Қаҳрамон Сариев, Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдошев, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, туманнинг фаол ёшлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ёшларга эътибор мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, келажагимиз эгаларининг маънавий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар бу фикрнинг исботидир.

Учрашувда Ёшлар иттифоқи Амударё туман Кенгаши раиси Маҳмуд Шерметов сўзга чиқиб, туман ёшларининг эришаётган ютуқлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Салкам 200 минг нафарга яқинлашган туман аҳолисининг 70 минг нафарга яқини вояга етмаган ёшлардир. Ҳозирги кунда туманда 86 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, уларда 38 минг нафардан зиёд ўқувчи-ёшлар таълим-тарбия олишаяпти. Мактабларда ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда ёшлар нафақат фан, балки санъат, спорт сирларини чуқур ўрганиб, касб-ҳунар эгалламоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида 4 та овул ва маҳаллада сунъий қопламали футбол майдончалари, Қиличбой овулида фитнес клуби, Куюк кўпир овули ва Қипчоқ шаҳарчасида  “Street work out” спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. 4 та овулда янги кутубхона ташкил этилиб, уларга ҳомийлар кўмагида 2 мингдан ортиқ китоблар совға қилинди.

Очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган учрашувда ёшлар мутасаддиларга саволлар ҳамда ўзларини қийнаётган масалалар билан мурожаат қилди. Жумладан, туманда иқтидорли болалар мактабини ташкил қилиш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ёшлар тадбиркорлигини ривожантириш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда бошқа долзарб масалалар бўйича мурожаатлар шу жойнинг ўзида ўрганилиб, уларни ҳал қилиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Шунингдек,  9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида китоблар ва ёш рассомлар кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ Амударё туманидаги фаолиятини давом эттирмоқда.

Ғ.Ешниёзов.