Олимлар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди

Туман янгиликлари

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 декабрдаги ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида ёшлар сиёсатига оид белгилаб қўйилган мақсад ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан юртимиз бўйлаб барча соҳалар бўйича мутасаддилар ёшлар билан учрашувлар ташкил қилишмоқда.

Шунингдек, ёшларнинг қизиқишлари, қобилиятларини яқиндан ўрганиш, улар орасидан иқтидорли ёшларни аниқлаб, тўғри йўналишлар бериш ҳамда ҳудудлардаги барча соҳалардан фаолият юритаётган ходимлар билан ўзаро тажриба алмашиниш мақсадида ҳам учрашувлар ўтказилмоқда.

Шу мақсадда табиий ҳамда аниқ фанлар бўйича бир гуруҳ профессор, олимлар 20 январь куни туманимизга ташриф буюришди.
Ишчи гуруҳ ўз ишини Қиличбой ОФЙда жойлашган 15-сонли умумтаълим мактабидаги ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашишдан бошлади.

ЎзМУ академиги Азимбой Саъдуллаев, НДПИ ректори Байрам Ўтемуратов, УрДУ педагогика факултети декани Жуманазар Ёрматов, ЎзМУ катта ўқитучиси Каримбой Pаҳимов ҳамда математика фани бўйича халқаро олимпияда ғолиби, "Мард ўғлон" мукофоти соҳиби Сардор Бозорбоевлардан иборат ишчи гуруҳ аъзоларини мактаб ўқувчилари илиқ кутиб олдилар.

Ўқувчилар томонидан айтилган Ватан, она, тинчлик ҳақидаги шеърлар, шу билан бир қаторда мактабнинг мусиқа тўгараги аъзолари бўлган ўқувчилар ижросида куйланган қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

Шундан кейин профессорлар синфларда ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар билан суҳбат, айни пайтда ўқитувчилар учун маҳорат дарсларини ўтказдилар. Ўқитувчилар таълим соҳасидаги ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар.
Суҳбат чоғида ўқувчиларнинг комил инсон бўлиб етишлари, ҳаётда ўз ўрнини топиши, Ватан корига ярайдиган шахс сифатида шаклланишларида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Суҳбат мобайнида таъкидланганидек, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий соҳаларда бўлаётган тезкор ўзгаришлар таълим тизимини ҳам тубдан ислоҳ қилишни тақозо этмоқда, чунки мукаммал таълим тизими орқали юртимизнинг келажак интеллектуал имкониятларини ва уни гуллаб-яшнаши ҳамда ривожланишини белгилаб берувчи ёшларни ҳар томонлама ижодкор, мустақил фаолият юритадиган қилиб тарбиялашда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун таълимда энг муҳим йўналиш таълим муассасаларининг инновацион фаолияти ҳисобланади. Бу эса барча таълим муассасаларида инновацион технология кўринишида фаолият олиб бориш долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда.
Хусусан, ҳозирги кунда таълим жараёнида инновацион технологиялар, педагогик ва ахборот технологияларини ўқув жараёнида қўллашга бўлган қизиқиш, эътибор кучайиб бормоқда. Устозлар эса давр талабидан келиб чиққан ҳолда таълим жараёнларига ёндашишлари мақсадга мувофиқ саналади.

Шунингдек, ўқитувчилар дарс жараёнларини тўғри ташкил қилиш борасида саволлар бериб, ўзларига керакли маълумотларга эга бўлдилар. Ўқувчилар эса олимпиядаларга ҳамда ОТМларга кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш сир-асрорлари билан танишдилар.
Шундан кейин меҳмонлар 82-сонли умумтаълим мактабининг фаоллар залида ёшлар билан учрашдилар. Учрашувда ташриф буюрганлар, ўзларининг ҳаёт тажрибалари, илм-фаннинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида йиғилганлар билан суҳбатлашдилар.

Ташриф чоғида меҳмонлар мактаблар кутубхоналарига бир қанча қизиқарли китоблар ҳамда телевизор совға қилдилар.

Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.