Жамиятимизда турли инсонлар моддий имкониятига кўра, турли турмуш тарзига эгадир. Аллоҳнинг барчани бир хил ризқлантириш имкони бўла туриб, ҳар кимни ҳар хил қилиб қўйишида ҳам ҳикмат бор: Одамларнинг бор давлатидан ҳаволаниб кетмаслиги, шукроналикни унутмасликлари ва чор-атрофидаги турли хил турмуш тарзига эга одамлар ҳаётидан ўзига хос хулосалар олишлари каби.
Ҳар бир одамга турли тақдир йўллари насиб қилган экан, улар орасида кимнингдир кўмагига, мададига, кимнингдир бир оғиз ширин сўзига муҳтожлар, эҳтиёжмандлар ҳам учрайди. Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган урф-одатлари қадриятларига кўра, муҳтожга фақат моддий кўмак билан эмас, балки, маънавий далда бўлиш, ўринли ва асосли фикрлар билан руҳини кўтариш, эртанги ҳаёти изга тушиб кетишига ишонтириш орқали ҳам кўмак бериш лозим.
Ҳа, бирники мингга, мингники туманга, деган ибора бекор айтилмаган. Халқимиз қўни-қўшни ёр-биродарининг яхши кунида қувончини, мусибат келса – ғамини бирга кўтаришадиган ҳамжиҳатлиги билан бошқа халқлардан ажралиб туради. Бу давлатимиз сиёсатида ҳам ўз аксини топмоқда.
Шу йил 18 январь куни Манғит шаҳрида жойлашган 82-сонли мактабда туманимиз мактабларида таълим-тарбия олаётган кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 38 нафар фарзандларига қишки кийим-кечаклар тарқатилди. Кийимлар асосан 1-9-синфлар ўқувчиларига мўлжалланган бўлиб, уларни ўқувчиларга туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Алишер Йўлдошев, мутахассис Маҳмуджон Сафарбоевлар топширдилар.
Тадбирда иштирок этган ота-оналар давлатимизнинг ёш авлод камоли йўлидаги ғамхўрликлари, эътиборидан мамнун эканлигини билдирдилар, фарзандларини юртимизга муносиб қилиб вояга етказишга ҳаракат қилажакларини изҳор этдилар.
Ғамхўрлик! Аслида бу сўз замирида болаларнинг кўнглини кўтариш, ёруғлик олиб кириш ва эртанги кунига ишонч уйғота олиш мужассам. Давлатимизнинг ёш авлод камоли йўлидаги саъй-ҳаракатлари келгусида ўзининг ижобий самараларини беради, албатта.
О.PАЖАБОВА.