Бугунги кунда барча соҳалар қаторида тадбиркорлик соҳаси ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлашга кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бу борада яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёшлар сони туманимизда ҳам тобора ортиб бораётгани ниҳоятда қувонарли.
Туманимиз ёшларидан бири Аббос Абрураҳимов техникага қизиққанлиги сабабли олдин бу ҳунарни мукаммал ўрганиб олди. Кейин тадбиркорлик билан шуғулланишни мақсад қилиб, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳузуридаги “Ёшлар келажагимиз” жамғармасига кредит олиш учун ўзи тайёрлаган лойиҳани топширди. Кредит маблағлари ёрдамида янгидан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва созлашга мўлжалланган устахона ташкил қилишни режалаштирди.
Ўтган йили лойиҳаси маъқулланиб, “Ёшлар келажагимиз” жамғармасидан 50 млн. сўм кредит маблағини олган Аббос Абдураҳимов ўз ҳисобидан ҳам 40 млн. сўм маблағ қўшиб, янги устахона фаолиятини йўлга қўйди. Устахонага иш учун зарур бўлган янги жиҳозлар келтирилиб, иш унумдорлиги оширилди. Ёш тадбиркорнинг ташаббуси билан лойиҳага мувофиқ 3 та янги иш ўрни яратилди ва ҳунарни пухта биладиган ёшлар иш билан таъминланди.
Туманимизга ташриф буюрган Pеспублика ишчи гуруҳи аъзолари ёш тадбиркор фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шу билан бир қаторда устахона ишчилари билан ҳам самимий суҳбат ўтказдилар. Меҳмонлар янги ташкил қилинган тадбиркорлик обьектидаги шарт-шароитлар, техник жиҳозларни кўздан кечириб, Аббоснинг келгусидаги мақсадлари, режалари билан қизиқдилар.
Ёш тадбиркор суҳбат давомида мамлакатимизда ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Президентимиз томонидан имзоланган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган энг муҳим ҳужжат бўлганлигини мамнуният билан эътироф этди. Жамғарманинг ташкил этилганлиги ва ушбу жамғарма томонидан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари, лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулк лизингга берилаётганлиги, бу ўзи каби ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очаётганлиги ҳақида ўз фикрларини баён этди.
Айни пайтда кўплаб мижозларга сифатли хизмат кўрсатилаётган янги устахонадаги иш жараёни ва ёш тадбиркор фаолияти билан танишган Pеспублика ишчи гуруҳи аъзолари уни янада кенгайтириш, иш самарадорлигини ошириш бўйича йўл-йўриқ ва тавсиялар бердилар.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.