Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, аввало, ўқитувчилар, олим ва зиёлиларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромда ўз ифодасини топган, десам муболаға қилмаган бўламан. Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларидан тортиб олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олим ва академикларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни алоҳида ютуқлари ва хизматлари учун моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича қабул қилинган Президент Фармон ва Қарорлари жамиятимизда илм-фан, таълим-тарбия соҳаси фидойиларига кўрсатилаётган беқиёс катта ҳурматдир.
Мен бугун Президентимизнинг парламентга Мурожаатини тинглаб, барча соҳаларни юксак тараққий эттириш, Ўзбекистоннинг дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишига эришишнинг асосий калити – бу илм-маърифатни юксалтириш, билимдон, юқори салоҳиятли ёшларни тарбиялаш, ҳар бир инсон ўзини ислоҳотларнинг ҳақиқий жонкуяри сифатида намоён этишида эканлигини яна бир бор ҳис этди.
Президентимиз жон куйдириб айтаяптиларки, “илм-маърифатсиз иқтисодиёт эмас, бизга илм-маърифат билан уйғун ривожланган иқтисодиёт керак!” Айнан шундай уйғунликни таъминлаш мақсадида 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном бердилар.
Ўз-ўзидан аёнки, йилимизга берилган номга мутаносиб равишда илм-фан ривожи учун янада дадил қадамлар қўйилади. Президентимиз ўз нутқларида илмга интилувчан, салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида қўшимча имтиёзлар яратиш, грантлар ва ёшларнинг ўз қобилиятларини намоён этишлари учун яратиладиган имкониятлар, бажариладиган ишлар салмоғи янада оширилишини алоҳида эътироф этдилар.
2020 йил давомида хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳалари учун 100 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилиши, 1 минг 576 нафар уй-жойга муҳтож аёллар уй-жойга эга бўлишлари учун бюджет маблағлари ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилиши, бундан ташқари, олий таълим олишни хоҳлаган қизларимизга алоҳида имтиёзлар берилишини эътироф этганларида, нафақат залдаги йиғилиш иштирокчилари, балки бутун мамлакатимиз аёл-қизлари чексиз қувондилар.
Назаримда, мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган бу каби ҳурмат ва эҳтиром, эътибор ҳеч қачон бўлмаган. Буни тан олишимиз керак. Агар йилимизнинг ўзига хос номланишидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга ошириладиган жамики эзгу ишларда ҳам аёл-қизларимиз пешқадам бўладилар. Бунга асло шак-шубҳа йўқ. Чунки илм-фан, таълим тизими, молия ва иқтисодиёт соҳаси фидойиларининг энг жонкуярлари, элим, юртим деган забардаст ходимлари, олим-у фузалолари орасида аёл-қизлар жуда кўпчиликни ташкил қилади.
Президентимиз ўз нутқларида барча соҳаларда коррупцияни таг-томири билан йўқотиш ҳақида алоҳида тўхталдилар. Чунки жамият тараққиётига монъелик қилаётган энг катта иллат – бу таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик, бошлиқнинг боласи – бошлиқ, деҳқоннинг боласи – деҳқон бўлиши керак, деган ўта саёз, тўғрироғи, ўта ёмон тушунчадир. Гарчи, биз жамиятни ана шу иллатдан тозаламас эканмиз, Президентимиз ўз Мурожаатномаларида илгари сураётган ташаббусларни амалга оширишимиз, таҳлилий кўрсаткичларга эришишимиз мураккаблигича қолаверади. Президентимизнинг ҳар қандай коррупцион кўринишга муросасизлик билан билдирган фикрлари халқимиз дилидаги фикрларга ҳамоҳанг бўлди.
2020 йилда 6 ёшли болаларни бир йиллик таълим билан қамраб олиш учун 130 миллиард сўм маблағ ажратилиши ҳақидаги сўзлари ҳам давлатимиз раҳбарининг узоқ келажакни кўзлаб қилаётган саъй-ҳаракатларининг ёрқин ифодасидир. Чунки бунда 6 ёшли болада нафақат илм эгаллашга кўникма ҳосил қилинади, балки бола илмга интилиши жараёнида ҳаётга ҳам тайёрлаб борилади.
Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасини орзиқиб кутган эдим. Мен ушбу Мурожаатноманинг ҳар бир сатридан халқимиз ҳаётига чуқур маъно ва мазмун бахш этувчи маънолар, моҳиятлар топдим. “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да бу маънолар, моҳиятлар – ҳаётимизга чуқур мазмун бахш этади.
Pобия ЙЎЛДОШЕВА, Қорақалпоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган журналист.