Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган мурожаатида биз педагоглар, таълим соҳаси ходимлари учун қатор янги имкониятлар яратилиши билан бир қаторда катта масъулият, шижоат билан фаолият олиб боришимиз керакли алоҳида таъкидланди. Президентимиз инсон ҳаётида илм-маърифат, маънавият беқиёс аҳамият касб этишини, қолавереса, жаннатмакон ватанимизни ривожланган мамлакатга айлантиришдек улуғ мақсадимизга халқимизнинг илм-маърифати, маънавиятини янада юксалтириш ҳамда барча соҳаларда жадал ислоҳотларни амалга ошириш орқали эришиш мумкинлигини эътироф этди.
Юртбошимиз ўз нутқида: ”…Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор, ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тайёрлашимиз зарур. Шу мақсадда ҳам юртимизда боғчадан бошлаб олий таълимгача бўлган таълимнинг барча босқичларини жадал ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Илм-маърифат, манавият бизга ҳаводек керак! Шарқ донишмадлари айтганларидек, энг катта бойлик бу - ақл-заковат, илм, энг катта мерос бу – яхши тарбия, энг катта қашшоқлик бу – билимсизликдир! ” – дея таъкидлади.
Шунингдек, таълим тизмида юқори натижаларга эришиш учун МТМ ларга қамраб олиш кўрсаткичларини юқори даражага етказиш зарурлиги, хусусан, жорий йилда мактаб ёшигача бўлган болаларни МТМларга қамраб олиш даражасини 60%га етказиш олдимизда турган аниқ мақсадлардан бири этиб белгиланди.
Шавкат Миромонович ўз мурожатларида белгилаб берганларидек, бу йилдан бошлаб илк бор 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлаш тизими жорий этилади, давлат бюджети ҳисобидан 36 та янги мактаб қурилиб, 216 таси капитал таъмирланади. Қолаверса, 55 та янги хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади. Педагогик малака ва маҳоратга эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизими жорий қилинади.
Қолаверса, 2021 йилги Халқаро баҳолаш жараёнига тайёргарлик кўриш учун 348 та таянч мактабини белгилаб, 1 йил ичида 6000 та ўқитувчиларнинг малакаси оширилади. Жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилади. Ёшларимизнинг таҳсил олишлари учун ҳамма қулайликларни яратилади.
Жумладан, шу мақсадда Олий таълим учун давлат грантлари 2 баробар оширилиши белгиланди. Мактаб битирувчиларининг Олий таълимга кириш даражасини 25% га, келгусида 50-60% га етказишиш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Бу - биз педагоглар зиммасига катта масъулият юклайди.
Ваҳобжон Давлетов, 36-сонли мактабнинг физика фани ўқитувчиси