Президент сўз айтди – энг фидойи сўз:
Тараққиёт бергай Ватанга пардоз.
Ҳаётни қилмоқ-чун фаровон, тўкис,
Илм-у маърифатга тикмоқ керак кўз
Шундадир саодат ва ва буюк ризқ-рўз!
Дедилар: рақамли иқтисод керак,
Керакдир бу йўлда мардона юрак.
Шу йўл истиқболга қувватдир, кўмак,
Коррупция учун ҳам тўсиқ, демак,
Шу иллат бўлмаса, баланддир парвоз!
Ахир кўп кузатдик – ошна-оғайни,
Ўз-ўзини қўллади, сояда ғани.
Мансаб-у мартаба бир мерос каби,
Занжирли ҳалқада айланганини,
Оқибат не доно бўлдилар тўз-тўз!
Қалбим ҳузурланди бугун. Ҳақиқат
Лафзи юрагимга бўлганда пайванд.
Нечун ҳузурланмай, уйғотиб ҳайрат,
Ҳар битта ўғил-қиз топса маърифат.
Аҳли жаҳон аро айлагум кўз-кўз!
Қувониб кетаман, дунёвий илм
Саҳфаларин очган ўзбегим маним.
Марғиноний тузган ҳуқуқий билим –
“Ҳидоя” кўрсатиб ҳидоят йўлин,
Қомусин яратди халқлар сарафроз!
Нолдан ўнга қадар математик сон,
Хоразмийдан мерос энг буюк ирфон.
Ер шарини чизиб Амриқо томон,
Илк илмий йўл очган олим-у замон –
Беруний ҳақида айтгим келар сўз!
Сўз айтсам, Ибн Сино, Навоийлардан,
Буюк Мирзо Бобур, Бухорийлардан.
Жалолиддин, Темур ўсган уйлардан,
Бир садо келади ул мозийлардан:
- Ўзбек эл аслида тенгсиздир, тенгсиз!
Шундай салафларни улғайтган Ватан,
Буюк келажакка қўймоқда қадам.
Ўшал қадамларга суръат бахш этган
Эзгу ўзгаришдан ҳайратда Одам –
Янги Ўзбекистон – ҳам Дарё, Денгиз!
Сувлар карвонидай шовуллаб ҳамон,
Оқиб бораётир дунёга ирфон.
Эврилиб навқирон авлодлар томон,
Қўнғироғи асло тинмаган карвон –
Фозиллик тахтида маърифат сўзсиз!
Жаранглаб турибди қаранг, қўнғироқ,
Мозийдан то бугун ўчмаган чироқ.
Улуғ йўлга тушган Ватанга маёқ –
Эзгу мақсадларга чорлар қўнғироқ
Халқим истиқболга эгиздир, эгиз!
Pобия ЙЎЛДОШЕВА.