Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш масаласи бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсатининг долзарб йўналишларидан биридир. Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бирга жамоатчилик вакиллари томонидан ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Туманимизда ҳам жиноятчилик ва ҳуқуқубузарликларнинг олдини олиш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Туман ҳокимлигининг мажлислар залида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишни туман ҳокими Султонбой Йўлдошев олиб борди. Унда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Ўрозбой Қурбонбоев ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили, подполковник Қаҳрамон Камолов иштирок этдилар. Шунингдек, ҳоким ўринбосарлари, бўлимлар, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши масъуллари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳам қатнашдилар.
Тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Султонбой Йўлдашев ўз сўзида аҳоли ўртасида гиёҳвандлик, одам савдоси, диний экстремизм каби жиноятларнинг олдини олиш юзасидан жойларда тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини мунтазам олиб бориш, бундай салбий ҳолатлар содир қилинмаслиги учун ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, осойишталикни таъминлаш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш ва маҳаллаларда тартиб-интизомни ўрнатишни кучайтириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, ёшларнинг тақдирига бефарқ қарамасдан маънавий-маърифий, ахлоқий тарбиясига алоҳида эътибор бериш лозимлигини, шу сабабли ҳар бир ота-она фарзандининг келажагига, келгусида ватан равнақига ҳисса қўшадиган комил инсон қилиб тарбиялашга ўзини масъул деб билиши кераклигини ҳам айтиб ўтди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Ички ишлар вазири ўринбосари Ўрозбой Қурбонбоев сўзга чиқиб, ҳар бир ҳудудда содир этилган маъмурий ва жиноий ҳолатлар аҳоли ўртасида муҳокама қилиниши, жиноят содир этилиши сабаблари ўрганилиши кераклиги ва жиноят содир этишга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари кўрилиши лозимлиги ҳақида сўз юритди. Қолаверса, маст ҳолатда автотранспорт воситасини бошқариш ва бошқа қўпол қоидабузарликлар маҳалла ҳамда меҳнат жамоаларида муҳокама этилиши муҳимлигини, оиладаги нотинчлик, келишмовчилик туфайли содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар чуқур таҳлил қилиниши кераклигини алоҳида эътироф этди. Бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш учун ҳокимлик, давлат органлари ва жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда иш олиб бориш, ҳар бир нотинч оилани ўрганиб чиқиш ҳамда улардаги низолар, келишмовчиликларни бартараф этиш чораларни кўриш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.
Йиғилишда туман ҳокими ўринбосарлари Алишер Йўлдошев ҳамда Марям Аҳмедовалар сўзга чиқиб, ёш оилалар ва уюшмаган ёшлар, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилганлиги, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича маҳаллаларда ҳар пайшанба куни кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганлиги хақида маълумот бериб ўтдилар.
Йиғилишда иштирок этган бошқа масъуллар ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.