Прокурор туман ёшлари билан учрашди

Туман янгиликлари

Ёшларнинг бугунги кундаги долзарб муаммоларини ўрганиш ва жойида ҳал қилиш, таклифлари билан танишиш мақсадида туман прокурори Ж.Муфтуллаев туман ёшлари билан учрашув ўтказди.

Туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган учрашувда прокурор Ж.Муфтуллаев мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш орқали минглаб ёшларга янги иш ўринлари яратилиб, бандлигини таъминлаш имкони берилганлигини, жумладан, туманимизда ҳам 2019 йилда 21 та лойиҳага 7 млрд. 617 млн. сўм кредит маблағлари ажратилиб, 72 та янги иш ўринлари яратилганлигини таъкидлади. Шунингдек, ўтган йил 6 нафар ёшларимизга Ёшлар меҳнат гузари, 6 нафарига ишлаб чиқариш ҳамда маиший хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик қилишлари учун ер майдонлари ажратилганлигини эътироф этди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли қарорига мувофиқ мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, ўтган йиллар давомида туманда янги қурилган кўп қаватли уйлардан мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларга уйлар берилганлиги ҳақида сўзлади.  Шу қаторда жорий йилда қурулиш ишлари олиб борилаётган кўп қаватли уйлардан 8 нафар ёш оилаларга берилиши режалаштирилганлигини ҳам маълум қилди.

Туман прокурори Ж.Муфтуллаев ёшларга давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, жамият равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган комил инсонлар бўлиб етишиш лозимлиги, бунинг учун фақат ўқиб-ўрганиш, интилиш, ҳаракат қилиш кераклигини гапирди.

Учрашувда ёшларнинг мақсадлари йўлида дуч келаётган муаммолар ва уларнинг таклифлари билан ҳам танишди. Шунингдек, уларнинг таклифлари негизида туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилишини айтиб ўтди.
Учрашув якунида туман ёшларига туман прокуратураси томонидан китоблар совға қилинди.

О.Худойберганова.