Бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам аҳоли мурожаатларини ўрганиш ҳамда ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тегишли масъуллар қаторида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳам чекка ҳудудларга ташриф буюриб, аҳоли билан учрашувлар ўтказишмоқда ва уларнинг яшаш шароитини, қийнаётган муаммоларни ўрганишмоқда. Жойида бартараф этиб, тўғри ечим топишга, халқнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилишмоқда.
Жорий йилнинг 25 февраль куни туманимиздаги Қипчоқ овули ҳудудида халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Б.Балтабаев иштирокида аҳоли билан учрашув ўтказилган эди. Депутат ва сайловчилар учрашувида ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган қатор муаммолар тўғрисида мурожаатлар тингланди. Жумладан, учрашувда фуқаролар томонидан Қипчоқ овули ҳудудидаги Қайровул ва Кўкчи аҳоли пунктларида электр энергияси ускуналарининг носозлиги ҳамда янги электр ускуналарига эҳтиёж борлиги юзасидан мурожаат келиб тушган эди. Депутат сўровига асосан мазкур муаммони мутасаддилар ўрганишди ҳамда туман электр корхонаси билан ҳамкорликда ҳал қилишди.
Шу ўринда айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак» каби эл-юртимиз қалби ва онгидан чуқур жой олган сўзлари бугун мамлакатимизда барча соҳа, тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қудратли кучга, уларнинг ғоявий ўзагига айланди. Халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилиш йўлидаги ишлар айнан ана шундай эзгу ғоялар асосида олиб борилиб, тобора янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда.
Инсонларни рози қилиш, уларнинг мушкулини осон қилиш ҳамда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “Паст кучланишли электр ускуналарини яхшилаш ва модернизация қилиш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида депутатлар туман электр таъминоти корхонаси билан ҳамкорликда Қипчоқ овули ҳудудидаги хайрли ишни амалга оширдилар. Ҳудуддаги Кўкчи ва Қайровул аҳоли пунктларида аҳолининг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларини бартараф қилиш мақсадида янги электр етказиб берувчи ускуналар ўрнатилди.
Шу мақсадда Қипчоқ овули Кўкчи ва Қайровул аҳоли пунктлари ҳудудига 20 та бетон устун қўйилди. Кўкчи аҳоли пунктида 75 млн. сўм маблағ ажратилиб, эвазига кучланиши 10 квт.га эга, узунлиги 420 метр бўлган ҳаво линияси тортилиб, қуввати 160 квт.га эга бўлган янги замонавий трансформатор ўрнатилди. Қайровул аҳоли пунктида эса 70 млн. сўм маблағ эвазига кучланиши 10 квт.га эга, узунлиги 283 метр бўлган ҳаво линияси тортилди ва қуввати 160 квт.га эга бўлган янги, замонавий трансформатор ўрнатилди.
Ҳар иккала овул фуқаролари яшаш шароитларини янада яхшилаш мақсадида амалга оширилган бу каби таъмирлаш, ободонлаштириш ишларидан ниҳоятда мамнун бўлдилар. Кўпдан бери аҳолини қийнаб, ташвишга солиб келаётган мазкур муаммони бартараф этишда кўмаклашган депутатларга, масъулларга ва туман Электр таъминоти корхонасига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилиш инсонларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш билан биргаликда халқнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.