Коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият юзасидан Амударё тумани ҳокими С.Йўлдашевнинг туман аҳолисига МУPОЖААТИ

Туман янгиликлари

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!

Бугунги кунда бутун дунё аҳолисини ташвишга солаётган коронавирус пандемиясига қарши курашиш, касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу касаллик дунё бўйича шу кунгача 12 миллиондан ортиқ одамда қайд қилиниб, ярим миллиондан кўпроқ кишининг ўлимига сабабчи бўлди. 10 июль ҳолатига мамлакатимиз бўйича 11 минг 723 нафар киши ушбу касалликка чалиниб, 52 нафар юртдошимиз вафот этди.

Афсуски, Амударё туманида ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Шу сабабли туманимиз 2020 йил 8 июль санасидан бошлаб карантин даражаси бўйича “Қизил” тоифага ўтказилди.  Қолаверса, Pеспублика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан 1 августга қадар республика бўйича қатор карантин чекловлари жорий этилди.

 

Касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Амударё туманида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу кунга қадар туман бўйича 3853 нафар фуқаролар тиббий кузатувга олинган. Шундан 291 нафари чет давлатлардан, 3562 нафари эса Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятлардан келган фуқаролар ҳисобланади. Тиббий кузатувга олинган шахсларнинг 3516 нафари бугунги кунда 14 кунлик карантиндан чиқарилган. Ҳозирда жами 337 нафар шахс тиббий кузатувда қолмоқда.

Касалликка қарши курашиш мақсадида туманда махсус ҳимоя кийимлари, дезинфекцияловчи моддалар ва воситалар захираси етарли миқдорда яратилган. Тегишли соҳа ходимлари кучайтирилган тартибда ишга жалб этилиб, барча худудларда профилактик дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Ташкил этилган ишчи гуруҳ отрядлари томонидан ҳар куни Дехқон бозори ва савдо ярмаркалари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги умумжамоат жойлари, озиқ-овқат, маиший хизмат объектлари, кўп қаватли уйлар ва болалар майдончалари, хизмат кўрсатувчи ташкилот ва кархоналарда дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда. Туман худудига кириб келувчи йўлларда 3 та постлар ташкил этилиб, автотранспорт васиталарини автоматик дезинфекция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мунтазам равишда туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, Ички ишлар бўлими, Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда карантин қоидалари бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтмоқчимизки, ҳар биримиз ўзимиз ва оила аъзоларимиз саломатлиги учун қайғуришимиз, ўз ҳаётимизни асрашга ўзимиз масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, бу борадаги ишларни “Темир интизом” асосида давом эттиришимиз керак.

Азиз юртдошлар!

Шуни унутмангки, карантин талабларига риоя қилмаслик, рухсат берилган вақтдан ташқари кўчада ва жамоат жойларида бўлиш, автотранспорт воситаларини бошқариш тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади!

Шундай экан, ҳаётий зарур эҳтиёж бўлмаса, кўчага чиқманг! Ниқоб тақишни, қўлингизни тез-тез совунлаб ювишни унутманг! Бошқалар билан мулоқот қилганда ижтимоий масофани сақланг! Касалликнинг дастлабки белгилари сезилган заҳоти “Тез ёрдам”га мурожаат қилинг!

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сабр-тоқат, мустаҳкам соғлик тилайман!

Ҳурмат билан, С.Йўлдашев - Амударё тумани ҳокими.