Амударёда ташаббускор ёшлар қўллаб-қувватланмоқда

Туман янгиликлари

Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ўз хоҳиш-истакларини, мақсадларини амалга ошириш учун барча имконият ҳамда шароитлар яратиб берилмоқда. Эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишига, комил, баркамол инсон бўлиб етишишларига кўмак бериш орқали келажаги буюк Ўзбекистонни барпо этиш мақсадига эришишга пойдевор яратилиши шубҳасиз.

Бугун ёшларимиз орасида уларга қаратилаётган эътибор, чексиз имкониятларни тўғри англаб етган ҳолда, самарали фойдаланиб, ўз мақсади, келажаги сари олға одимлаётган эртамиз эгалари талайгина. Туманимиздаги Назархон овулида истиқомат қилувчи Баҳодир Йўлдошев ҳам шундай ёшлардан бири. Баҳодирнинг ўзини банд қилиш мақсадидаги ташаббуси “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” МЧЖ ҳамда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан қўллаб-қувватланди. Жамият томонидан назархонлик ёш ташаббускорга меҳнат қилиб даромад топиши учун 14,1 га ер майдони ажратилди.

Жорий йилнинг 20 июнь санасида ёшларнинг уларга берилган имкониятлардан қай даражада фойдаланаётганининг гувоҳи бўлиш ва уларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида туман прокурори Жавлон Муфтуллаев, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ҳамро Матякубовлар назархонлик Баҳодир Йўлдошевнинг экин майдонларига ташриф буюрдилар.

Мутасаддилар меҳнатсевар ҳамюртимизнинг ўзига берилган ер майдонида маккажўхори ҳамда беда уруғларини экиб, парваришлаб, сифатли маҳсулот етиштириш мақсадида тинимсиз меҳнат қилишаётганининг гувоҳи бўлишди. Айни пайтда бу имконият орқали нафақат Баҳодирнинг, балки бутун оила аъзоларининг бандлиги таъминланиб, ер оила учун қўшимча даромад манбайи бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Pеспубликаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёшлар бўйича янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан туман ҳокимининг қарори билан “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамиятига туман ер захиралари фонди ҳисобидан жами 501,6 гектар экин ер майдонлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва полиз экинларини етиштириш учун ажратиб берилган. Мазкур ер майдонлари туманимиздаги кўплаб ёшлар учун иш ўринлари ва даромад манбаи бўлиши билан бирга, аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва полиз экинлари билан узлуксиз таъминлашга ҳам ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Шу йўл билан туманда 74 нафар уюшмаган ёшларнинг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, ушбу ер майдонларини экишга тайёрлаш учун “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2 дона “New Holland” русумли тракторлар ажратиб берилган. Бугунги кунга қадар 50 гектар ер майдонига беда, 73,8 гектар ерга маккажўхори, 14,4 гектар ер майдонига кунгабоқар, 20 гектар ерга полиз экинлари, 5 гектар ерга кунжут, 20 гектар ерга жўхори, 204,9 гектар ерга шоли экилди. Ёшлар томонидан жами 389,1 гектар ер майдонига экилган қишлоқ хўжалиги экинлари сифатли парваришланмоқда.

Мутасаддилар ташриф чоғида Баҳодир Йўлдашевнинг иш жараёнлари билан яқиндан танишиб, ёшлар билан суҳбат қурдилар. Меҳмонлар айни чоғда экин майдонларида бедани пресс қилиш жараёнини ҳам кузатишди. Суҳбат мобайнида ёшлар ушбу жараён ҳақида, унинг сир-асрорлари хусусида маълумотлар бериб ўтдилар. Қолаверса, ўзларининг таклифлари, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Назархонлик ёшларнинг ўзларига қаратилаётган эътибор ҳамда берилган имкониятдан самарали фаойдаланган ҳолда қилаётган баракали меҳнатлари замирида эртамиз эгаларининг келажакка бўлган мустаҳкам ишончи мужассамдир. Уларнинг фаолияти билан яқиндан танишган меҳмонлар ҳам бу борада илиқ таассуротларга эга бўлишди.

Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати