Маълумки кейинги кунларда коронавирус касаллигининг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш ва бартараф этиш борасида кўпгина чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай, юртимизда касалланиш ҳолатлари камаймаяпти, касалликнинг янги-янги ўчоқлари пайдо бўлаяпти. Шуларни инобатга олган ҳолда 10 июлдан мамлакатимизда қатъий карантин чекловлари ўрнатилди. 8 июлдан ушбу касаллик туманимизда ҳам қайд этилиши муносабати билан Амударё тумани “қизил” ҳудуд тоифасига ўтказилган эди.
Кўпчилик ҳолларда касаллик симптомларсиз, ташқи белгиларсиз намоён бўлмоқда. Натижада касалликка чалинган шахслар бозор ва кўчаларда, жамоат жойларида юриб, ўзлари билмаган ҳолда уни кўпчиликка юқтирмоқда. Статистикага кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олган бир бемор 5 кеча-кундузда ўртача 2-3 кишига вирус юқтиради. Шуларни инобатга олган ҳолда коронавирус инфекциясига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича Амударё туман штаби бир қатор чеклов чораларини киритишга қарор қилди.
Жумладан, жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль шанба ва якшанба кунлари республика миқёсида амал қиладиган қатъий карантин чоралари Амударё туманида 20-24 июль кунлари ҳам тўлиқ амалда бўлади.
Яъни, 20 июлдан бошлаб 26 июлгача ҳафта давомида Амударё тумани ҳудудида аҳолининг ва автотранспорт воситаларининг ҳаракати тўлиқ тўхтатилди. Бу вақт мобайнида аҳолига “ўзини ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш тавсия қилинди. Ташкилотларга эса ходимларни имкони борича ишга жалб этмаслик, ёки масофадан ишлаши учун шароит яратиш топширилди. Туманимизнинг ички йўлларида ва туманимизга кириб келинадиган йўлларда 4 та блокпостлар ташкил этилиб, ушбу объектларда Ички ишлар, Миллий гвардия ва туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимларининг тун-у кун навбатчилиги йўлга қўйилди.
Блок постларда хушёр ходимлар карантин чекловларига қарамай, ўз шахсий автотранспортларида йўлга чиққан ҳайдовчилар, шунингдек, пиёда, велосипедда кетаётган шахсларнинг мақсадларини суриштириб, уларни уйда қолишга ва натижада касаллик занжирининг узилишига ҳисса қўшишга чақирмоқда.
Туманимиз ҳудудларидаги йўлларда кучайтирилган каратин чоралари жорий этилганига қарамасдан, турли мақсадлар билан йўлга чиққан юртдошларимизни учратишимиз мумкин. Ёз жазирамасида, офтоб тиғида ҳам зиммасидаги шарафли бурчига содиқ Ички ишлар, Миллий гвардия, туман Санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимлари сергаклик билан вазифаларини адо этаяптилар, постларда фуқароларни тўхтатиб, профилактик тушунтириш ишларини олиб бораяптилар. Бундан кўзланган мақсад – туманимизда санитария-эпидемиологик осойишталик ўрнатилишига, коронавирус инфекциясининг жиловланишига ва натижада халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётга қайтишига эришишдир.
Ойгул PАЖАБОВА.