ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ БАЙРАМ АРАФАСИДА ЯНГИ ИНШООТЛАР ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Туман янгиликлари

Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигини қарши олмоқда. Гарчи байрамга бағишланган оммавий сайиллар, кўнгилочар тадбирлар ўтказилмаётган бўлса-да, ҳар бир фуқаронинг  кўнглида шундай дориломон кунларга етганига, ўз эрки, инон-ихтиёри ўз қўлида, озод ва фаровон яшаётганидан фахр-ифтихор, шукроналик ҳукмрон, одамлар соғлигига  таҳлика солиб турган коронавирус пандемияси тезроқ бартараф этилишини, юртимизда яна бехавотир, тинч ҳаёт тарзи барқарор бўлишини тилаб дуо қилмоқдалар.

Халқимиз азал-азалдан қутлуғ кунлар, муҳим саналарни ўзига хос тадориклар билан қарши олишган. Жорий йилда ҳам бу умрбоқий анъанага амал қилинмоқда ва қувончли воқеаларга гувоҳ бўлаяпмиз.

Байрам арафасида Манғит шаҳри марказида тадбиркорлар томонидан шаҳар кўркига кўрк қўшадиган, муҳташам, уч қаватли замонавий меъморий услубда қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди.

28 август куни бино очилишига бағишланган тантанали маросимда туман ҳокими Султонбой Йўлдошев сўзга чиқиб, йиғилганларни, туманимиз халқини мустақилликнинг 29 йиллиги ҳамда байрам арафасида шундай кўркам ва барча қулайликларга эга савдо, хизмат кўрсатиш мажмуасининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан қизғин қутлади.

“Аму-Манғит ширинликлари”, “Бойовул пойафзали” ва “Манғит радуга савдо” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қурилган ушбу биноларга жами 4 млрд. сўмликдан кўпроқ маблағ сарфланган.

Бугунги кунда ушбу объектларда ўндан ортиқ йўналишдаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, яъни супермаркет, кафе, озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший техника, телефон, мебель, гилам, велосипед ва болалар ўйинчоқлари дўконлари, “Микрокредитбанк”нинг шохобчаси ва стоматология маркази ҳамда бошқа савдо нуқталари жойлаштирилди. Бинонинг фойдаланишга топширилиши билан 30 та янги иш ўринлари ташкил қилинди. Ҳозирги вақтда бинонинг фақат биринчи ва иккинчи қавати ишга туширилди, учинчи қавати ҳам фойдаланишга топширилиб, бино тўлиқ қувватда иш бошласа, элликдан ортиқ юртдошларимиз иш билан таъминланади.

Қолаверса, ушбу замонавий бино ўзининг ташқи кўриниши билан Манғит шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб, туманимиз аҳли ва меҳмонларга шинам хоналарда сифатли савдо хизмати ва маиший хизмат кўрсатиш имконини беради.

Бино очилиш маросимига йиғилганлар мазкур биноларда янги иш бошлаётган ва фаолиятини давом эттираётган тадбиркорларимизнинг ишларига ривож тиладилар, қурувчиларимизга ҳам бундай замонавий кўринишдаги муҳташам иморатни қисқа фурсатда қуриб, фойдаланишга топширгани учун миннатдорчилик билдиришди.

Ишонамизки, бу ерда кўрсатилаётган хизматлар, сотилаётган ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар харидорларга маъқул бўлади ҳамда туманимизда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари янада ривожланиб, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига, халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. 

Шунингдек, байрам арафасида Назархон овулида “Асилбек” оилавий корхонасига қарашли озиқ-овқат дўкони, Тошқаъла маҳалласида тозаланган ичимлик суви ишлаб чиқариш шохобчаси, Боғ маҳалласида Улуғбек Отажоновнинг хусусий озиқ-овқат дўкони, Ўрта қалъа овулида “Тўлқин Рустам” оилавий корхонасига қарашли нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, Хизр эли маҳалласида якка тадбиркор Бахтиёр Собировнинг хусусий озиқ-овқат дўкони, Уйшин маҳалласида Нуруллабой Хидировнинг давлат хусусий шериклик асосидаги 50 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти, Қиличбойда “Баҳромбоев Элмурод” масъулияти чекланган жамиятига қарашли савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси, Бешовул маҳалласида мини футбол майдончаси ҳам фойдаланишга топширилади.

Бунингдек, бунёдкорликлар, янгиланишлар туманимизда аҳоли турмуш сифати янада ошишига хизмат қилади.

О.РАЖАБОВА.