“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6,25-моддалари, “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг
27-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
15 мартдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги Низомнинг 39-бандига асосан туманда мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш жараёнида умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)ни аниқ белгилаб олиш мақсадида Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н:
1. Амударё туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати иловага асосан тасдиқлансин.
2. Туман ҳокимлиги (М.Шерметов), туман Халқ таълими бўлими (Р.Матқурбанов), тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
3. Белгилансинки, тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
4. Туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими (А.Юлдашев)га фуқаролар йиғини раисларига мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига жалб этиш жараёнида туман халқ таълими бўлими ҳамда умумтаълим муассасаларга амалий ёрдам бериш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2019 йил 30 август кунги “Амударё туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан тумандаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида”ги 389-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарор “Тараққиёт кўзгуси” газетасида расмий эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосари М.Шерметов зиммасига юклатилсин.
Амударё тумани ҳокими С.Йўлдашев.
№176. 29 август, 2020 йил.