“МАНҒИТ АРНА” КАНАЛИНИНГ ҚУЙИ ҚИСМИДАГИ АМИР ТЕМУР НОМЛИ ОВУЛГА ОҚАР СУВ ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА

Туман янгиликлари

Глобал иқлим ўзгариши оқибатида дунёнинг кўплаб давлатларида кузатилаётган сув танқислиги таъсири минтақамизда яққол сезилмоқда. Aйниқса, бу йил мамлакатимизда қиш нисбатан қуруқ келгани, ёғингарчилик кам бўлгани вазиятни тобора мураккаблаштирмоқда. Бу эса суғорма деҳқончилик қилинадиган экин майдонларида мўлжалдаги ҳосилни етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун мавжуд сув манбаларидан тежаб-тергаб фойдаланишни тақозо этмоқда.

Республикамизнинг барча туманларида бўлгани каби Aмударё туманида ҳам сув танқислиги аҳоли, айниқса, сув етказиб берувчи каналларнинг қуйи қисмида жойлашган овул ва маҳаллалардаги суғориладиган экин майдонларига сезиларли даражада салбий таъсирини кўрсатди.

Жумладан, Амударё туманидаги Бўз ёп, Хитой, Куюк кўпир, Бобур, Ўрта қалъа, Амир Темур номли овуллари ҳудудаги аҳоли ва ер майдонларини сув билан таъминловчи “Манғит арна” каналида ҳам бу йил сув танқис бўлди. Сувни навбатма-навбат етказиб бериш маысадида шакллантирилган жадвали асосида 11 сентябрь куни Амир Темур овулига ҳам оқар сув етиб келди. Овул ҳудидидаги экин майдонларини суғориш ҳамда аҳолини сув билан таъминлаш учун “Манғит арна” каналига бир ҳафта мобайнида секундига 1,5 метр куб миқдорида сув берилади.

Айтиш керакки, туманлараро сув тақсимоти режасига асосан Манғит арна каналига секундига 3,5 метр куб ҳажмида сув лимити ажратилган. Ҳозирги кунда эса секундига 1-1,5 метр куб сув олинмоқда. Шу сабабли кунлик сув миқдори истеъмолчиларга навбатма-навбат етказиб берилмоқда.

Шунингдек, сув танқислигининг салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида сув етказиб берувчи каналларнинг қуйи қисмида жойлашган овул ва маҳаллалар ҳудудидаги истеъмолчиларга қўшимча сув етказиб бериш учун “Чап Манғит” коллекторига уч нуқтада жами 5 та электрлаштирилган насос агрегатлари ўрнатилиб, улар ёрдамида экинларни суғориш ишлари олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан ҳудуддаги фермер хўжаликларига 15 та кичик кўчма дизел насос агрегатлари ажратилиб, суғориш ишларида фойдаланилмоқда.

Қолавеса, ҳудуддаги аҳоли томонидан томорқа ер майдонларини суғориш учун кичик насос агрегатлари ёрдамида ер ости сувларидан фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ҳудуддаги 70% га яқин  аҳоли ўз томорқасини суғориш ҳамда деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш мақсадида босма қудуқ орқали томорқа ерларидаги экинларни суғориш иложларини қўрмоқда.

Амударё туманида экин ерларини суғоришда замонавий технологиялардан фойдаланишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда туман ҳудудидаги 72 гектар ер майдони томчилатиб суғорилган бўлса, 2021 йилда жами 667 гектар экин майдонларини томчилатиб суғориш бўйича манзилли рўйхат тузилган.

Шу билан бирга тумандаги сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалиги ер майдонларини суғоришни таъминлаш мақсадида Амир Темур номли овул ҳудудида иккита, Чордара маҳалласида битта артезиан қудуқларини қазиш режалаштирилган бўлиб, бу орқали ушбу ҳудудлардаги жами 95 та хонадонларнинг 13,8 гектар ер майдонларини сув билан таъминлаш кўзда тутилган.

Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.