Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Aкциядорлик тижорат Халқ банки мамлакатдаги иқтисодий барқарорликни таъминлашга, тадбиркорликни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган энг йирик банк муассасаларидан бири саналади. Банк олдида турган асосий вазифалардан бири ўз салоҳиятини барқарорлаштириш ҳамда мижозларнинг банкка бўлган ишончини ошириш, хизмат кўрсатишнинг юқори даражасига эришиш, банк хизматлари кўрсатишга замонавий технологияларни жорий қилиш ҳисобланади. Банкнинг Aмударё тумани филиали ходимлари ҳам ушбу мақсад ва вазифаларни амалга оширишда самарали фаолият юритиб келмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, банк ходимлари реконструкция қилинган, замонавий кўринишдаги янги бинода ўз ишини давом эттиришмоқда. 14 сентябрь куни Aкциядорлик тижорат Халқ банки Амударё туман филиали биносининг мукаммал таъмирдан кейин очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Амударё тумани ҳокими С.Йўлдашев ва бошқалар сўзга чиқиб, капитал таъмирдан чиқарилган банк биносида мижозлар ва ишчи ходимлар учун барча шароитлар яратилганини эътироф этиб, қурувчиларга миннатдорчилик билдирдилар ва банк ходимларининг келгусидаги ишларида омад тиладилар.
Банк бошқарувининг буюртмачилиги асосида пудратчи ташкилот “Манғит Идеал Қурилиш” МЧЖ томонидан 1 млрд. 850 млн. сўм маблағ эвазига бино капитал реконструкция қилинди. Янги бинода ходимлар ва мижозлар учун барча қулайликлар яратилган бўлиб, хоналар замонавий жиҳозлар ва компьютер тизимлари билан таъминланган. Мижозлар учун алоҳида кутиш зали ташкил қилинган. Бинода яратилган барча қулайлик ҳамда шарт-шароитлар банк иш фаолиятининг унумдорлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Маълумот тариқасида айтиш жоизки, бугунги кунга келиб, Aкциядорлик тижорат Халқ банки туман филиали томонидан 556 та юридик мижозларга ҳамда 8 мингга яқин жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиб келинмоқда. Филиалда жами 53 нафар ходим хизмат фаолиятини олиб боради. Банк ходимларининг самарали меҳнати натижасида туманда истиқомат қилувчи 15 мингга яқин пенсионерларга пенсия пуллари, шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг 2 ёшгача ҳамда 14 ёшгача бўлган болаларига бериладиган нафақа пуллари ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Банк маъмурияти янги ғоялар ва янги стратегик мақсадларни белгилаган ҳолда мижозларга кўрсатиладиган хизматларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, шунингдек, замонавий банк хизматларини йўлга қўйиш орқали молиявий хизматлар бозори кўрсаткичларини янада оширишга ҳаракат қилмоқдалар.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.