14 сентябрь куни туман ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Aмударё тумани бўлими бошлиғини тайинлаш юзасидан мажлис бўлиб ўтди.
Мажлисда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор Aбатбай Даниёров, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, ҳоким ўринбосари Маҳмуд Шерметов, тумандаги корхона-ташкилотлар раҳбарлари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишни туман ҳокими Султонбой Йўлдашев кириш сўзи билан очди. Туман ҳокими ўз сўзида давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ўрнатиш, шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий-иқтисодий тарафдан ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, ёшларга оид давлат сиёсатини сифатли ҳамда ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилганлигини таъкидлади.
Таъкидланганидек, бу борада Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш ва янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Қарори имзоланган эди. Ушбу қонун ҳужжатлари асосида Ёшлар ишлари агентлиги – ёшларга оид давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи, ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширувчи давлат бошқарув органи этиб белгиланди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Aгентликнинг бошқармалари, туманларда (шаҳарларда) бўлимлари ташкил этилди.
Йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор Aбатбай Даниёров сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб, ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлиги хусусида сўз юритди. Ташкил қилинаётган Ёшлар ишлари агентлиги юртимиздаги ёшларга оид давлат сиёсатида энг катта янгилик бўлиб, унинг жойлардаги бўлимларига муносиб номзодларни тайинлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Амударё тумани бўлими бошлиғи лавозимига ёшлар сиёсатидаги ислоҳотларнинг тумандаги ижроси борасида ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётган ёшлардан бири бўлган Давлетов Жасурбек Холмуротович тайинланганлигини маълум қилди.
Жасурбек Давлетовнинг шу даврга қадар меҳнат фаолияти, яъни Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши раиси ўринбосари, “Камалак” болалар ташкилоти раиси лавозимида самарали фаолият юритиб келганлиги тўғрисида маълумот берилди. Унинг иш фаолияти мобайнида туманимиздаги ёш авлод эгаларининг, жамият ҳаётида тутган ўрнини мустаҳкамлаш, ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг орзу-интилишлари, мақсадларига эришишларида амалий ёрдам кўрсатиш борасида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганлиги алоҳида айтиб ўтилди.
Йиғилиш иштирокчилари Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи вазифасига тайинланган Жасурбек Давлетовнинг келгусидаги ишларига муваффақият тилашди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.