Сайлов жараёни демократик тамойиллар асосида ўтмоқда

Туман янгиликлари

Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг бўшаб қолган 24-Оқ олтин ва 28-Дарёбўйи сайлов округларида депутатлар сайловини ўтказишга муносиб тайёргарлик кўрилгани сабабли бугун, яъни 20 сентябрь куни сайлов жараёни демократик тамойиллар асосида ўтмоқда. Сайлов участкаларида сайловчилар рўйхати шакллантирилиб, овоз бериш жойлари тайёрланди. Биноларда участка сайлов комиссиялари аъзолари, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари учун махсус ўринлар ажратилган бўлиб, овоз бериш учун келаётган сайловчиларнинг тана ҳораратлари ўлчаниб, дезинфекция қилинмоқда.

Кейинги йилларда юртдошларимизда ушбу сиёсий жараёнга бўлган қизиқиш ҳамда ўз сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш масъулияти ҳар қачонгидан ҳам ошди. Бу уларнинг сайловлардаги фаоллигида яққол намоён бўлмоқда. Мазкур сайловда 24-Оқ олтин сайлов округи ҳудудида 4407 нафар, 28-Дарёбўйи сайлов округи ҳудудида 4215 нафар сайловчилар рўйхати шакллантирилган.

Мамлакатимиз фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишга қаратилган ушбу муҳим демократик жараён – сайловлар асносида инсоннинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, эркин, демократик, адолатли сайловларни ташкил этиш ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли сайлов жараёнлари кўнгилдагидек ўтиши учун сайлов участкалари жойлашган биноларда барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, участкалар жойлашган бинолар замонавий компьютер ва алоқа воситалари, мебель ва бошқа жиҳозлар, номзодлар ҳақида маълумотлар ҳамда уларнинг сайловолди дастурлари акс этган ташвиқот материаллари, кўргазмали воситалари билан тўлиқ таъминланди. Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган, кекса ёшдаги инсонлар ҳамда баъзи сабабларга кўра сайлов куни сайлов участкасига келолмайдиган фуқароларнинг рўйхати тузилиб, уларга уй шароитида овоз бериш имконияти яратилган.

Сайлов участкалари одамлар билан гавжум. Сайловчилар ўз конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариб, ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқдалар.

Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.